Ўмон Султонлигидаги ватандошлар Президентимиз ташаббусларини қўллаб-қувватламоқда
2020 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги элчихонасида ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошлар билан онлайн видеомулоқот ташкил этилди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ташаббуслар аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда ватандош, Масқат шаҳридаги “Al Bustan Hotel” менежери С.Аҳмедов давлатимиз раҳбарининг дунёда янада кенг қамровли ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш ташаббуси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Унинг қайд этишича, Президентимизнинг ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиши ёшлар ҳар қандай жамиятнинг ажралмас қисми, тараққиётнинг “катализатори” ва ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи экани билан боғлиқ.
“Бугунги кунда дунё аҳолисининг икки миллиарддан зиёдини ёшлар ташкил қилади. Шундай бўлса-да, халқаро миқёсда ёшлар муаммоларини самарали ҳал қиладиган ҳуқуқий асос мавжуд эмас. Ҳозирги глобаллашув шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари ва манфаатларини амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш зарурати туғилмоқда.
Бундан ташқари, коронавирус пандемияси сабаб ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси ортиб бормоқда. Бу эса дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган муҳим масалалардан биридир. Aйнан шу омиллар Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилиш ҳақидаги ташаббус ҳар қачонгидан ҳам зарурлигини кўрсатмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари биз ёшларни илҳомлантириб, эртанги кунга бўлган ишончимизни янада оширмоқда. Шу билан бирга, ушбу ташаббусни чет эллик дўстларимиз орасида кенг тарғиб қилишда катта масъулият ҳам юклайди”, деди С.Аҳмедов.
Ўмон Султонлигида истиқомат қилаётган ватандошлардан яна бири Р.Умарованинг таъкидлашича, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқи халқаро жамоатчилик диққат марказида бўлиб турибди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон коронавирусга қарши зарур дори воситалари ва вакциналарни яратиш бўйича халқаро ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаши ҳақида билдирган фикрлари кўпчиликни эътиборини тортди.
Учрашув сўнгида ватандошлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Мамлакатимиз нуфузини янада ошириш, олиб борилаётган сиёсатни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш йўлида биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олинди.