Ўзбекистонда бўлиб ўтган Aфғонистон бўйича халқаро конференция Ўмон нашри нигоҳида
Ўзбекистонда бўлиб ўтган Aфғонистон бўйича халқаро конференция Ўмон нашри нигоҳида
МАСҚАТ, 31 июль. /“Дунё” АА/. Ўмон Султонлигида чоп этиладиган «Asdaa Oman» газетаси саҳифасида “Ўзбекистонда Aфғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди” сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда жоий йил 25-26 июль кунлари Тошкент мезбонлик қилган “Aфғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” мавзусдаги халқаро конференцияси, анжуманда 100 га яқин хорижий делегациялар иштирок этгани билан боғлиқ тафсилотлар қаламга олинган.
Нашр ушбу конференцияда Марказий ва Жанубий Осиё, Европа ва Aмерика, Яқин Шарқ, Осиё ва Тинч океани минтақасининг 20 дан ортиқ давлати вакиллари қатнашганини қайд этган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тадбир қатнашчиларига йўллаган мурожаатида Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш асосий устувор йўналиш бўлиши кераклигини, бу мустаҳкам тинчликка эришиш ва узоқ давом этаётган азоб-уқубатларга барҳам беришнинг муҳим шарти эканини таъкидлагани ҳам газета ўқувчиларининг эътиборига ҳавола қилинган.
Газета Ш.Мирзиёевнинг мазкур мурожаатида қайта қуриш “Aфғонистоннинг минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашуви, инфратузилма лойиҳалари ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олиши”ни алоҳида таъкидлаган.
“Ўзбекистон Президенти яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеяси томонидан қабул қилинган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган махсус резолюцияда ҳам халқаро хавфсизликни таъминлашда Aфғонистонда тинчликни сақлашнинг муҳим аҳамияти белгилаб қўйилгани”га эътибор қаратди”, деб ёзади нашр.
Шунингдек, мақолада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида ушбу конференция 2018 ва 2021 йилларда Тошкентда Aфғонистонда тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва минтақавий коммуникация масалаларига бағишлаб ўтказилган икки халқаро конференциянинг давоми бўлгани қайд этилганини ҳам қаламга олган.
“Қабул қилинган якуний баёнотда таъкидланишича, Aфғонистон бўйича биринчи вакиллик халқаро форуми “сиёсий баёнотлар билан чекланиб қолмай, балки халқаро ҳамжамият эътиборини бутун афғон халқи, унинг қўшнилари ва халқи манфаати учун тинчлик, барқарорлик ва давлатнинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалаларига қаратилган", деб ёзади «Asdaa Oman» газетаси.