Ўмон Султонлигида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир Халқаро дўстлик кунига бағишланди
Ўмон Султонлигида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир Халқаро дўстлик кунига бағишланди
МАСҚАТ, 31 июль. /“Дунё” АА/. 30 июль – Халқаро дўстлик куни муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги элчихонасида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
«Биз ягона юрт фарзандларимиз» шиори остида ўтказилган мазкур тадбирда Ўмонда истиқомат қилаётган ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, тожик, уйғур, татар миллатларига мансуб ватандошларимиз иштирок этишди.
Ушбу маънавий-маърифий тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад хорижда истиқомат қилаётган мамлакатимиз фуқароларимиз ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш билан изоҳланади.
Иштирокчилар Халқаро дўстлик кунининг тарихи ҳамда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил Парламентга йўллаган Мурожаатномаси бандлари ижросига асосан қабул қилинган «30 июлда Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳиятидан воқиф бўлишгани баробарида юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамлик, барча миллат вакилларининг ўзаро аҳил ва бирдамликда ҳаёт кечиришаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳам ватандошларимизнинг эътиборига ҳавола қилинди.
Тадбир интиҳосида юртимизда яшаётган турли миллат ва элатлар вакилларининг ҳаёти, маданияти, боқий қадрият ва урф-одатлари акс этган «30 июль – Халқаро дўстлик куни» номли видеолавҳа намойиш қилинди.