Ўмонда Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди
Ўмонда Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди
МАСКАТ, 3 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчихонасида мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан «Мустақиллик – энг улуғ ва энг азиз неъмат» мавзусида байрам тадбири ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Ўмоннинг академик ва ишбилармон доиралар вакиллари, журналистлар, ушбу мамлакатда малака ошираётган талабалар ва ўзбек диаспораси фаоллари қатнашди.
«Ўзбекистон мустақиллигининг тарихи ва бугуни» мавзусида бўлиб ўтадиган давра суҳбатида Султон Қобус номидаги Маданият ва фан олий маркази қошидаги коллеж мудири Усмон ал-Саъдий, ушбу таълим масканининг профессор-устозлари, «Asdaa Oman» газетаси бош муҳаррири Али ал-Ҳасаний, «Arkan Majan Al Mumayaza Trading & Contracting LLC» сармоявий компанияси бош директори Мустафо ал-Лаватий иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон мустақиллик йилларида босиб ўтган босқич, мамлакатимиз томонидан эришилган ютуқлар, ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишлари ҳамда Ўзбекистон-Ўмон муносабатларининг бугунги даражаси ва истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, Усмон ал-Саъдий ажнабий тилларда сўзлашувчилар учун араб тилини ўргатиш дастури бўйича ойлик ўқув курсларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳақида самимий ва илиқ фикрларни билдирди. «Ўзбекистонлик ёшлар ўзларининг ўткир зеҳни, ақл-заковати, илмга чанқоқлиги ва барчага намуна бўла оладиган одоби билан яққол ажралиб туради. Улар ўз билимлари билан Абу Райҳон Беруний, Хоразмий, Замахшарий, Имом Бухорий ва бошқа буюк аждодларининг издошлари эканини исботламоқда», деди у.
«Asdaa Oman» газетаси бош мухаррири Али ал-Ҳасаний ўзининг 2021 йилда Ўзбекистонга қилган ташрифини эсга олар экан, унда юртимизнинг тарихи, маданияти, урф-одатлари, инсонларининг самимийлиги ҳақида чуқур таассурот қолдирганини таъкидлади. Шунингдек, журналист Янги Ўзбекистон бугунги кунда ҳаётнинг турли соҳаларида жадал ривожланиб, дунё ҳамжамияти томонидан Марказий Осиё минтақасининг энг етакчи ва илғор давлати сифатида тан олинаётгани ҳақида фикр юритди.
тадбирнинг «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида ўтган иккинчи қисми байрам табрикларига бой бўлди.
Усмон ал-Саъдий, Султон Қобус номидаги Маданият ва фан олий маркази қошидаги коллеж мудири:
- Биз Ўзбекистонни ислом цивилизациясининг бешиги, буюк мутафаккир олимлар юрти ва ҳозирда илм-фанни ривожлантириб, жадал суръатлар билан илдамланаётган, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга катта ҳисса қўшаётган мамлакат, деб биламиз.
Ўмон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик муносабатлари бундан буён ҳам изчил ривожланиб, икки биродар халқ манфаатларига хизмат қилишига ишончимиз комил.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 31 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.
Али ал-Ҳасаний, «Asdaa Oman» газетаси бош муҳаррири:
- 2021 йилда Ўзбекистонга қилган ташрифим ёрқин хотираларга бой бўлди. Бу юртнинг тарихи, маданияти, урф-одатлари, инсонларининг самимийлиги менда унутилмас таассурот қолдирди.
Бугун Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 31 йиллик шодиёнасини катта тантана билан нишонланаётгани, бу заминда инсон қадр-қиммати эъзозланаётгани ва юрт фаровонлиги учун барча бирдек ҳаракат қилаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Албатта, бу эзгу интилишлар замирида давлат раҳбарининг тинимсиз меҳнати ва ўзбек халқининг кучли иродаси ётади.
Мен шу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон мустақиллиги байрами билан мамлакат раҳбарияти ва халқини чин қалбимдан ва юксак эҳтиромларим билан табриклайман.
Фотима Назарова, Тошкент давлат шарқшунослик университети 4-курс талабаси:
- Барчани халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан самимий муборакбод этаман.
Мустақиллик бизга миллий ўзига хослигимизни, ор-номус ва ғуруримизни, миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналаримиз билан фахрланиш ҳиссини қайтарган байрам сифатида абадий қолади ва жонажон Ватанимиз йилномасига олтин ҳарфлар билан ёзилади.
Шундай қутлуғ дамда юртимизга тинчлик-хотиржамлик, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилангизга фаровонлик тилайман. Ҳар биримиз учун қудрат манбаи, саодат маскани бўлган жонажон Ўзбекистонимиз осмони доимо мусаффо бўлсин! Байрамингиз қутлуғ келсин, азизлар!
Фарзона Раҳимова, Тошкент давлат шарқшунослик университети 4-курс талабаси:
- Бугунги мураккаб геосиёсий вазиятга қарамасдан, Ўзбекистон тинчлик ва осойишталикни таъминлаб, барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб келмоқда. Юртимизда барча соҳаларни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратилган. Шунинг учун ҳам халқимиз ҳар йили Мустақиллик байрамини энг улуғ байрам сифатида нишонлайди.
Давлатимиз раҳбари томонидан биз каби ёшларга билдирилаётган ишонч йилдан йилга мустаҳкамланиб, жамиятда фаол бўлишимиз, илм олишимиз ва юрт равнақи йўлида муносиб меҳнат қилишимиз учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Биз ҳам, ўз навбатида яратилган имкониятдан фойдаланиб, билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз.
Истиқболли, узоқ тарихга эга юртимиз мустақил ва фаровон яшасин! Барчамизга Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллик байрами муборак бўлсин!