Ўмон Султонлигидан муносабат: Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги давомида амалга оширилган салмоқли саъй-ҳаракатлар ва ташаббуслар дунё ҳамжамияти эътиборини ўзига тортмоқда
Ўмон Султонлигидан муносабат: Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги давомида амалга оширилган салмоқли саъй-ҳаракатлар ва ташаббуслар дунё ҳамжамияти эътиборини ўзига тортмоқда
МАСҚАТ, 16 сентябрь, /”Дунё” АА/. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши Ўмон Султонлигининг бизнес доиралари вакилларида ҳам катта қизиқиш уйғотди, деб хабар бермоқда “дунё” АА мухбири.
Қуйида Султонликда фаолият кўрсатадиган «Atyab Foodtech» компанияси бош менежери Моҳиб Аҳмад Хонннинг фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
- Куни кеча Ўзбекистонда бошланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишини диққат билан кузатиб бораяпман.
Ушбу глобал аҳамиятга эга бўлган анжуман дунёда кечаётган мураккаб геосиёсий даврда ўтаётгани боис барчада катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги давомида амалга оширилган салмоқли саъй-ҳаракатлар ва ташаббуслар дунё ҳамжамияти эътиборини ўзига тортмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган пухта ўйланган ички ва ташқи сиёсат Ўзбекистоннинг нуфузини нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда юксалтиришга сабаб бўлмоқда.
Хусусан, бугун Ўзбекистон раҳбари ушбу Саммитга келган жаҳоннинг етакчи давлатлари раҳбарларини ягона мақсад – ШҲТга аъзо ва унга ҳамкор мамлакатларда барқарорлик, хавфсизлик, иқтисодий алоқалар кўламини янада кенгайтириш, аҳоли учун қулай турмуш шароитини яратиш йўлида маслаги бирлаштирди.
Бундан ташқари, жаҳоннинг 60 фоиз аҳолиси истиқомат қиладиган давлатлар раҳбарларининг бу форматдаги учрашуви сўнгги уч йил ичида, яъни пандемиядан кейинги йилларда биринчи бор юзма-юз форматда ўтказилаётгани ҳам аҳамиятлидир.
Мухтасар қилиб айтганда, Самарқанд саммити очиқ, конструктив мулоқотларга бой бўлиши кутилмоқда. Мазкур анжуман глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ечим топиш, Ташкилотга аъзо ва ҳамкор давлатлар ўртасидаги ўзаро алоқалар янада мустаҳкамланиши, шунингдек, уларнинг муҳим келишувларга эришишлари учун қулай платформа ҳисобланади.