КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАРДА ЖАМОАТЧИЛИК ИШТИРОКИ: МИЛЛИЙ ВА ХАЛҚАРО ТАЖРИБА
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАРДА ЖАМОАТЧИЛИК ИШТИРОКИ: МИЛЛИЙ ВА ХАЛҚАРО ТАЖРИБА
“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси “Халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” ҳамда “Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади” деган тамойилларга асосланган ҳолда ўтказилмоқда.
Янгиланаётган Конституция – Янги Ўзбекистонни
барпо этишнинг ҳуқуқий пойдевори
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг июнь ойида Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Қайд этиш лозимки, Президентимиз илгари сурган “Инсон қадри учун” ғояси, шунингдек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириш “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини яратишнинг устувор вазифасига айланди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Конституциямиз йиллар давомида яшаётган давримиз, ислоҳотлар талаби ва халқимиз эҳтиёжидан келиб чиқиб такомиллаштириб борилди. Ҳозирда эса, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирмоқда.
Шунингдек, ҳозирда дунёда кечаётган глобал зиддиятли муаммолар ва кун сайин ўзгариб бораётган ҳалқаро ҳаёт мамлакатимизни янада модернизация қилиш, тинчлик, барқарор тараққиётни таъминлаш, ташқи сиёсатнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш каби кенг кўламли масалалар борасида ечимини кечиктириб бўлмайдиган, янги ва ўта муҳим ҳаётий вазифаларни амалга оширишни тақозо этмоқда.
Бугун Янги Ўзбекистон – мақсади демократик тамойиллар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган принцип ва нормаларга асосланган ва пировард мақсади халқ учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатга айланди.
Қайд этиш керакки, ҳар қандай ислоҳот кучли конституциявий-ҳуқуқий асосга таянсагина, кўзланган эзгу мақсадга ва улуғвор вазифаларга, самарали натижаларга эришади. Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва дунё тажрибасига назар ташланса, туб бурилиш даврида конституциявий ислоҳотлар амалга оширилгани ҳамда ислоҳотлар халқ томонидан қўллаб-қувватлангани ва халқнинг орзу-умидини рўёбга чиқаришга хизмат қилгандагина ортга қайтмас тус олишини кузатиш мумкин.
Янгиланаётган Конституция – чинакам халқ Конституциясидир
Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъбири билан айтганда “Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади”.
Ўзбекистон Республикасининг янгиланаётган Конституциясининг асосий муаллифи ва ижодкори том маънода Ўзбекистон халқи ҳисобланади. Ушбу хулоса, қуйидагиларга асосланади:
Биринчидан, конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ғояси ва унинг давлат ва жамият ривожидаги аҳамияти илк маротаба айнан “Янги Ўзбекистонга – Янгиланган Конституция лозим”, деб билаётган аҳоли ва сайловчилар томонидан таклиф этилди.
Зеро, 2021 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнида номзодларнинг электорат вакиллари билан учрашувлари чоғида ҳаётий талабдан келиб чиққан ва мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган муҳим таклиф – конституциявий ислоҳотни амалга ошириш масаласи кун тартибига қўйилди.
Бу, бир томондан, Президентимизнинг Янги Ўзбекистон стратегияси доирасидаги демократик ислоҳотлар сиёсати кенг қўллаб-қувватланаётгани, иккинчи томондан – сайловчилар мамлакатдаги туб ўзгаришлардан манфаатдор эканидан далолат беради.
Иккинчидан, халқ томонидан илгари сурилган ғояларни умумлашириш, тизимлаштириш, чуқур таҳлил этиш ҳамда мамлакат тараққиётининг ушбу босқичида Янги Ўзбекистонни ва Учинчи Ренессанс асосларини яратиш, жамият ва давлат бошқаруви соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистан Республикаси Президенти томонидан конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари аниқлаб берилди.
Учинчидан, конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ишларига бевосита халқ томонидан сайланган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари бошчилик қилмоқдалар. Парламент томонидан шакллантирилган Конституциявий комиссия таркибига, шунингдек, академик ҳамжамият, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳам киритилгани ҳам конституциявий ислоҳотларда халқ вакилларининг иштирокини таъминлаш билан бир қаторда, унинг халқчиллигини ҳамда жаҳонда тан олинган демократик тамойиллар ва қоидаларга мослигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тўртинчидан, Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказилган умумхалқ муҳокамасида колл-маркази, фуқароларнинг бевосита қабули орқали, “Meningkonstitutsiyam.uz” платформаси, анъанавий мурожаатлари ҳамда жамоавий таклифлари асосида 150 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди. Бу 1992 йилдаги умумхалқ муҳокамасига қараганда 25 баробардан кўпдир. Ушбу таклифларнинг 56 фоизи эркаклар, 40 фоизи аёллар томонидан, 4 фоизи эса аноним тарзда билдирилди. Унда хориждаги ватандошлар томонидан юборилган таклифлар ҳам инобатга олинган ва илмий ҳамжамият иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, Конституциявий комиссияга тақдим этилди.
Бешинчидан, жойлардаги учрашувларда фуқаролар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, ташаббус ва таклифлар таҳлили ҳам халқнинг Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларга бефарқ эмаслиги, балки ислоҳотларнинг, хусусан конституциявий ислоҳотларнинг фаол ва манфаатдор иштирокчисига айланаётганидан далолат беради.
Олтинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, ҳуқуқшунос олимлар, академик ҳамжамият, “ақл марказлари”нинг конституциявий ислоҳотлардаги фаол иштирокини эътироф этиш лозим. Фуқаролик жамияти институтлар Конституциявий комиссия фаолиятига ҳам яқиндан кўмак кўрсатдилар:
• БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ЕИ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида қабул қилинган 400дан ортиқ бутундунё ва минтақавий конвенциялар, декларациялар, резолюциялар ҳамда конституциявий ривожланиш борасидаги халқаро тажриба ўрганиб чиқилди, 193 мамлакат конституциялари, конституциявий ислоҳотлари тизимли равишда таҳлил этилди;
• халқаро ва хорижий тажрибани чуқур таҳлил этиш ва ўрганишлар асосида “Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар конституциялари”, “Жаҳон конституциялари”, “Конституциявий ислоҳотлар: дунё мамлакатлари тажрибаси” (5 жилдлик) каби 10дан зиёд асарлар яратилди. Улар асосида Конституциявий қонун лойиҳаси ва ислоҳотларга оид фикр мулоҳазалар, таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Фуқаролик жамияти институтларининг таклифлари, жумладан, “инсон шаъни ва қадрини” улуғлаш, янги “инсон – жамият – давлат” парадигмасини ҳаётга изчил татбиқ этиш, халқчил, адолатли ва ижтимоий давлат барпо этиш, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий мустаҳкамлаш, болалар, хотин-қизлар ва ногиронлиги бор шахслар эркинликлари, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, экологик муаммоларни ҳал этиш каби йўналишларни ўз ичига қамраб олди.
Конституциявий қонун лойиҳаси мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба фуқаролик институтларининг бевосита иштироки ва ташаббуси асосида жамоатчилик, гендер, бола ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари, хусусан ногиронлиги бор шахсларнинг, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ижтимоий давлат қуриш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш каби қатор йўналишлар ҳамда аксилкоррупция ва лингвистик экспертизалардан ўтказилди. Жамоатчилик экспертизаларида 300дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирок этдилар.
Очиқлик ва ошкоралик – конституциявий ислоҳотларнинг муҳим тамойили
Конституциявий комиссия ўз фаолиятини очиқлик ва ошкоралик тамойилларига қатъий таянган ҳолда олиб борди. Хусусан, мазкур Комиссияга конституциявий ислоҳотларга илмий-тадқиқот муассасалари, тегишли давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, маҳаллалар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, соҳанинг миллий ва ҳалқаро экспертлари фаол жалб этилди.
Бунда Конституциявий комиссия Матбуот хизматининг фаолияти алоҳида ўрин тутди. Хусусан, Матбуот хизмати оддий фуқаро учун содда ва тушунарли тилда конституциявий ислоҳотларнинг, Конституцияга киритилаётган янгиликларнининг фуқароларимиз учун нақадар аҳамиятли эканини устуворликлари ва асосий йўналишларини етказишда алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Аҳолига Конституциявий қонун лойиҳасини кенг таништириш, оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда ҳар бир моддани кенг жамоатчилик муҳокамасини ташкиллаштириш, фуқаролар фикрини ўрганиш, бу борада аҳоли турли қатламлари ва Конституциявий комиссия ўртасида мустаҳкам алоқаларни таъминлаш ишларида журналистлар ва блогерларнинг иштироки таъминланмоқда.
Бунда Матбуот хизмати ўз фаолиятини иккита йўналишда олиб бормоқда:
биринчидан, конституциявий ислоҳотларни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёритиш:
• давлат ва нодавлат телеканалларда 13 824 та лавҳалар, интервьюлар, информацион ва махсус кўрсатувлар эфирга узатилди, радиоканалларда – 3 730 информацион ва махсус эшиттиришлар ташкил қилинди;
• босма нашрларда 1 303 та мақолалар чоп этилган бўлса, интернет нашрларида – 7 122 та, «Telegram», «Facebook», «Instagram», «YouTube» каби ижтимоий тармоқларда 49 545 та ахборот материаллари эълон қилинди. Биргина интернетда эълон қилинган ахборот материаллари фойдаланувчилар томонидан 245 млн мартадан ортиқ кўрилган ва 109 мингдан ортиқ изоҳлар қолдирилган.
Шунингдек, Матбуот хизматининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари ва www.meningkonstitutsiyam.uz интернет порталига Комиссия фаолияти ҳамда Конституциявий ислоҳотлар юзасидан ахборотлар жойлаштирилмоқда. Шу кунгача жами 1000 дан ортиқ ахборот материаллари (ўзбек, қорақалпоқ, рус ва ингилиз тилларида) жойлаштирилди. Бугунги кунда ушбу порталдан фойдаланувчилар сони кескин ортиб, 73 600 нафарни ташкил этмоқда. Фуқаролардан келиб тушаётган таклифларга портал фойдаланувчилари томонидан 15 872 та изоҳ ҳамда 384 та қўшимча таклифлар қолдирилган;
иккинчидан, Конституциявий комиссия фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга кўмаклашиш:
• Конституциявий комиссия ва ишчи гуруҳлар фаолиятига бағишланган брифинг ва матбуот анжуманлари ташкил этилиши тизимли равишда йўлга қўйилди;
• конституциявий ислоҳотларни тарғиб қилишга қаратилган 490 дан ортиқ репортаж, видеороликлар тайёрланиб, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилиши таъминланмоқда. Шунингдек, Комиссия фаолияти, комиссия ҳузуридаги гуруҳларнинг иш жараёнлари, фуқаролардан таклифлар келиб тушиши жараёнлари акс этган махсус ўзбек ва рус тилларида жами 77 та “Backstage” репортажлар суратга олиниб, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилинмоқда;
• конституциявий ислоҳотлар, уларнинг мазмун моҳияти бу борадаги соҳа мутахассисларининг, комиссия аъзоларининг қолаверса фаол жамоатчилик вакиллари томонидан билдирилган фикр мулоҳазалари билан газеталар муштарийларини таништириб бориш мақсадида “Конституциявий ислоҳотлар газеталар нигоҳида” сарлавҳали газеталар таҳлилий шарҳларнинг 14 та сони тайёрланди ва кенг ёритилиши ташкил қилинди;
• барча мобиль алоқа операторлари орқали фуқароларга ўз таклифлари билан Конституциявий ислоҳотлар жараёнида фаол бўлишга қаратилган SMS-хабарномалар юборилиши ташкил қилинди. Мазкур “SMS”лар 30 млн. та абонентларга юборилди.
Ўзбекистон Республикасида Конституциявий ислоҳотлар жараёнида сиёсий партиялар сермаҳсул фаолият олиб бораётганларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Таҳлилларга кўра, 5 та сиёсий партия томонидан 17 мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилиб, уларда 657 минг фуқаролар иштирок этишган ва Конституциявий қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган 24 мингдан зиёд таклифлар йиғилган.
Энг муҳими, муҳокамларда “энг қийин”, “ноқулай”, аввал “ўта нозик”, деб аталган турли масалалар ҳам – бу иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий соҳага ёки экология, гуманитар ва бошқа соҳаларга тааллуқлими, ундан қатъи назар ўртага ташланди, муҳокама марказига қўйилди. Жамиятдаги фикрлар ва ғоялар хилма-хиллиги, удар орасидаги рақобат яққол намоён этилди.
Сўзсиз, буларнинг барчаси ўзига хос демократик индикатор бўлиб, Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституцияси ҳақиқий халқ Конституцияси эканлигини таъминлашга ҳамда ҳар бир моддани аҳоли фикрини инобатга олиб сайқаллашга хизмат қилмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳаси – халқаро ҳамжамият эътирофида
Конституциявий қонун лойиҳасини яратишда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг конституциявий ислоҳотларни ўтказиш борасидаги, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактда қайд этилган тавсиялар, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг “Янги Европа учун Париж хартияси”, Европа Иттифоқининг “Асосий ҳуқуқлар бўйича Европа Иттифоқи хартияси”, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида жамиятнинг барча қатламлари вакилларини давлат ва жамият бошқаруви жараёнларига жалб этиш бўйича қабул қилинган халқаро ва минтақавий ҳуқуқий ҳужжатлар алоҳида ҳисобга олинди.
Давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, академик ҳамжамият, халқаро ва хорижий нохукумат ташкилотлар билан ҳамкорликда конституциявий ислоҳот ҳамда Конституциявий қонун лойиҳасининг турли янгиликларига бағишланган 100 дан ортиқ миллий ва 40 дан зиёд халқаро форумлар, жумладан хорижий мамлакатларда ҳам (АҚШ, Буюк Британия, Корея, Польша, Россия, Саудия Арабистони, Швейцария, Япония, Ҳиндистон каби давлатлар) ўтказилди.
Уларда 500дан зиёд халқаро ва хорижий экспертлар, парламент аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, сиёсатшунослар иштирок этиб, Конституциявий қонун лойиҳаси ва ислоҳотлар борасида ўзларининг ижобий фикр-мулоҳазалари ва амалий тавсияларини бердилар.
Биргина БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳида Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган халқаро давра суҳбатида 40 дан ортиқ аъзо давлатларнинг Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка минтақаларидаги миссияларининг доимий вакиллари ва экспертлари, шунингдек, БМТнинг турли тузилмалари ходимлари иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон тарихидаги ноёб тажриба – Конституциявий қонунни умумхалқ муҳокамасидан ўтказилаётгани, конституциявий ислоҳотнинг миллати, дини, ёши, жинси, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг манфаатларини таъминлашга қаратилгани, ислоҳотнинг инклюзивлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилди.
Хусусан, Озарбайжоннинг БМТдаги доимий вакили Я.Алиев ва Япониянинг БМТдаги миссияси эксперти Ш.Митсута конституциявий қонун ижодкорлиги соҳасидаги илғор халқаро тажрибани чуқур ўрганиш бўйича Конституциявий комиссия фаолиятини юқори баҳолади. У референдум орқали халқнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда конституциявий ислоҳотлар муваффақиятли якунланишига қатъий ишонч билдирди.
Германиянинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси маслаҳатчиси М.Колл Конституцияни янгилашда Ўзбекистон томонидан қўлланилаётган ёндашув ислоҳотларнинг инклюзив ва кенг қамровлилигини таъминлаш, давлат олдида турган вазифаларни самарали ҳал этишнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади.
Шу муносабат билан мазкур халқаро давра суҳбати иштирочилари – янги Ўзбекистоннинг Конституциясига киритилаётган ўзгартишлар БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш бўйича кун тартиби мақсадлари билан уйғун эканини алоҳида қайд этди.
Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг таъкидлашича, БМТнинг Женевада (Швейцария) жойлашган штаб-квартирасида ташкил этилган “Конституциявий ислоҳотлар: инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусидаги халқаро давра суҳбатида иштирок этган 30 дан ортиқ халқаро ташкилотлар томонидан мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотлар ижобий баҳоланган ва қўллаб-қувватланмоқда.
М.Чунгонг конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири аёллар ва қизларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш эканига алоҳида эътибор қаратди. Конституциямизга таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси норма ва тамойилларига тўлиқ мослигига урғу берди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Конституциявий қонун лойиҳасига расмий шарҳлари ва таклифлари олинди.
Қатор ҳалқаро ташкилотлар ва экспертлар Конституциявий қонуннинг умумхалқ муҳокамаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг конституциявий ислоҳотларни ўтказиш борасидаги тегишли тавсиялари, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг тегишли ҳужжатлари, дунёда замонавий конституциявий ривожланишнинг устувор тенденциялари, шунингдек “Халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” устувор тамойилига тўла-тўкис риоя қилинган ҳолда амалга оширилган, деб ҳисобламоқда. Шунингдек, ушбу Конституциявий қонунни умумхалқ референдуми асосида қабул қилиниши мақсадга мувофиқлигини таъкидламоқда.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик
палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари