Ўзбекистон ТИВ раҳбари Душанбе шаҳрида ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили билан учрашди
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Душанбе шаҳрида ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили билан учрашди
ТОШКЕНТ, 19 октябрь. /«Дунё» АА/. Душанбе шаҳрида ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Хакала билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, Европа Иттифоқи билан инвестиция, савдо, фан-таълим, экология, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар жорий йилнинг 6 июлида парафирлаш (дастлабки имзолаш) маросими бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг (КШҲТБ) тез фурсатларда имзоланиши зарурлиги тўғрисида якдиллик билдирдилар. Ушбу кенг қамровли ҳужжат Ўзбекистон-Европа муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши қайд этилди.
Турли даража ва шаклларда режалаштирилган тадбирлар, жумладан, 2022 йил 17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган «ЕИ – Марказий Осиё» форматидаги вазирлар йиғилиши ва Барқарор ривожланиш учун «Глобал дарвоза» мавзусидаги ўзаро боғлиқлик бўйича халқаро конференциянинг ташкилий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида ЕИ мамлакатлари билан ўзаро савдо ҳажми 3,13 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,8 фоизга ўсгани кузатилди. Иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Музокараларда минтақавий ва халқаро сиёсатнинг айрим масалалари ҳам кўриб чиқилди.