Ўмондан муносабат: ТДТ Самарқанд саммитида Ўзбекистон раҳбари илгари сурган таклиф ва ташаббуслар нафақат ташкилотга аъзо мамлакатлар, балки бутун Евроосиё минтақаси учун долзарб аҳамиятга эга
Ўмондан муносабат: ТДТ Самарқанд саммитида Ўзбекистон раҳбари илгари сурган таклиф ва ташаббуслар нафақат ташкилотга аъзо мамлакатлар, балки бутун Евроосиё минтақаси учун долзарб аҳамиятга эга
МАСҚАТ, 13 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида илгари сурилган ташаббус ва таклифлар бўйича Ўмон Султонлигининг «Arkan Majan Al Mumayaza Trading & Contracting LLC» компанияси бош директори Мустафо ал-Лаватий “Дунё” ахборот агентлигига қуйидаги фикр-мулоҳазаларини баён этди:
- Энг аввало, бутун Ўзбекистон халқини кўҳна Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити муваффақиятли якунлангани билан чин қалбимдан табриклашни истар эдим.
Дарҳақиқат, мазкур ташкилот ҳозирги мураккаб глобаллашув даврида унга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро алоқалар даражасини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламларини янада ривожлантириш нуқтаи назаридан қулай майдонга айланиб бормоқда.
Таъкилаш жоизки, Ўзбекистон ТДТга аъзо бўлганидан бошлаб ушбу ташкилотнинг нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Чунки Ўзбекистон унинг доирасида муҳим ва ҳар томонлама манфаатли ташаббусларни илгари сурмоқда.
Жумладан, Ташкилотнинг Самарқанд саммитида ҳам Ўзбекистон раҳбари томонидан ўртага ташланган муҳим таклифлар нафақат ташкилотга аъзо мамлакатлар, балки бутун Евроосиё минтақаси учун долзарб аҳамиятга эга.
Хусусан, ташкилот доирасида «Янги иқтисодий имкониятлар ҳудудини»ни барпо этиш, Транскаспий халқаро йўлаги орқали савдо алоқаларини кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорликни ошириш сингари илгари сурилган таклифлар ТДТга аъзо давлатлар билан бир қаторда Яқин Шарқ мамлакатлари манфаатларига ҳам бердек мос келади.