Ўзбекистон Республикаси Президенти Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили билан учрашув ўтказди
18.11.2022
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси Вице-президенти Жозеп Боррелни қабул қилди.
Пандемиядан кейинги даврда жадал иқтисодий тикланиш ва минтақалараро ўзаро боғлиқликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги шерикликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматидаги вазирлар учрашуви ҳамда “Барқарор ривожланиш учун глобал дарвоза” мавзуидаги ўзаро боғлиқлик бўйича халқаро конференциясининг сермаҳсул якунлари юксак баҳоланди. Давлатимиз раҳбари Европа дипломатияси раҳбарига ушбу муҳим тадбирларни қўллаб-қувватлагани ва уларда шахсан иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди.
Жозеп Боррель, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатини олқишлади ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари бу борада катта муваффақиятларга эришганини таъкидлади. Евроиттифоқ бундан буён ҳам минтақа давлатлари билан сиёсат, савдо, инвестиция, рақамлаштириш, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида.
Минтақавий ва халқаро хавфсизликнинг долзарб муаммолари муҳокама қилинар экан, Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликка, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожига алоҳида эътибор қаратилди.
Самарқанддаги конференция якунлари бўйича қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда имзолашга келишиб олинди.