Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Марокашда БМТ Бош котибининг ўринбосари, Тамаддунлар иттифоқи олий вакили билан учрашди
Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Марокашда БМТ Бош котибининг ўринбосари, Тамаддунлар иттифоқи олий вакили билан учрашди
ТОШКЕНТ, 23 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов бугун Фес шаҳрида (Марокаш) бўлиб ўтаётган БМТ Тамаддунлар иттифоқининг тўққизинчи Глобал форуми доирасида БМТ Тамаддунлар иттифоқи олий вакили, Ташкилот Бош котиби ўринбосари Мигел Анхел Моратинос билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, Мигел Моратинос БМТ Тамаддунлар иттифоқи глобал форумида иштирок этгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилингани баробарида бўлажак тадбирларни амалга ошириш юзасидан қўшма ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олинди.
Тузилма раҳбарига Ўзбекистонда бағрикенглик ва инсонпарварликни мустаҳкамлаш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича ҳам маълумот берилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Тамаддунлар иттифоқи фаолияти, унинг мақсад ва вазифаларини қўллаб-қувватлаган ҳолда ушбу ташкилот билан ҳамкорлик қилишга катта эътибор қаратади.