Нотариал ҳаракатларда аҳолига қулайлик оширилмоқда
06.12.2022
Президент Шавкат Мирзиёев нотариал жараёнларда аҳолига қулайликларни оширишга оид тақдимот билан танишди.
Бугунги кунда нотариусларда давлат божи ставкалари жуда кўп тоифаларга ажратилгани сабабли уларни ҳисоблашда ноқулайликлар туғилмоқда. Хусусан, автомототранспорт воситалари билан боғлиқ шартномаларни тасдиқлаш учун давлат божи 12 та, кўчмас мулк, гаров, ипотека ва лизинг шартномалари бўйича 6 та тоифага бўлинган.
Шу боис давлатимиз раҳбари нотариал ҳаракатлар тизимини соддалаштириш ва аҳолига қулайликларни ошириш вазифасини қўйган эди. Шунга асосан, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божларининг ставкалари оптималлаштирилмоқда.
Масалан, ҳозирда давлат божи ставкаларини ҳисоблашда уй-жойнинг майдонига, автомототранспорт воситаларининг двигател қуввати ва ишлаб чиқарилган йилига қаралади. Энди бу борадаги тоифалар қисқартирилиб, ставкалар бирхиллаштирилмоқда, айримлари камайтирилмоқда.
Жумладан, кўчмас мулк бўйича олди-сотди шартномаларини нотариал тасдиқлаш учун давлат божи, унинг майдонидан қатъи назар, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, бошқа жойларда 0,5 баравари миқдорида, энг паст ставкада белгиланмоқда.
Гаров, ипотека, лизинг ва қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаганлик учун табақалашган божлар бирхиллаштирилиб, ягона ставка ўрнатилмоқда.
Автотранспорт олди-сотдисини нотариал тасдиқлашда, двигател қуввати ва ишлаб чиқарилган йилидан қатъи назар, бир хил ставкада – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида бож ундирилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, мол-мулкни ижарага бериш ёки ундан текин фойдаланиш, автомототранспорт бўйича ишончнома бериш каби келишувларни нотариал тасдиқлаш учун бож миқдори камайтирилмоқда. Фуқаронинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия таъминотига нисбатан меросхўрга гувоҳнома бериш учун давлат божи бекор қилинмоқда.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши нотариал жараёнларни осонлаштиришга, турли ноаниқлик, низо ва коррупция ҳолатларини бартараф этишга хизмат қилади. Йилига 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ аҳоли ихтиёрида қолади.