Самарқанд ҳаракатлар режаси Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни самарали амалга оширишга қаратилган 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзуида глобал форум бўлиб ўтди
Самарқанд ҳаракатлар режаси Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни самарали амалга оширишга қаратилган
2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзуида глобал форум бўлиб ўтди
Ушбу нуфузли халқаро анжуманни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган.
Глобал форумда 120 нафардан ортиқ халқаро экспертлар ва 2 мингдан зиёд миллий мутахассислар иштирок этди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан мазкур халқаро анжуман тафсилотлари ҳақида суҳбатлашдик.
— Кўп сонли, янада муҳими, салоҳиятли халқаро ва миллий экспертларнинг ўзаро фикр алмашишлари учун қулай майдон яратган глобал форум якунида унинг иштирокчилари қандай муҳим хулосаларга келдилар?
— Халқаро ҳамжамият Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инсон қадри, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида олиб бораётган сиёсати ҳамда ташаббусларини юксак баҳоламоқда. Глобал форум иштирокчиларининг бирламчи ва энг асосий хулосаси шу.
Иштирокчилар томонидан кейинги йилларда янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мазкур жабҳада таълимни такомиллаштириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилгани эътироф этилди.
Ўзбекистон айни йўналишларда БМТ ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасида 40 тадан ортиқ глобал, минтақавий ва миллий аҳамиятга эга ташаббусларни илгари сурди. Шу асосда ҳозирги кунга қадар БМТ Бош Ассамблеясининг олтита резолюцияси қабул қилинишига эришилди. Бу — биринчи хулоса.
Иккинчи хулоса: глобал форум 2022 йил 10 декабрда, яъни бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида кенг нишонланадиган муҳим сана арафасида бўлиб ўтди. Бу, шубҳасиз, ўзига хос рамзий аҳамият касб этди.
Энг муҳими, Самарқанд глобал форуми бир томондан башарият тарихида илк бор инсоннинг асосий ҳуқуқлари ҳимоя этилиши зарурлигини баралла уқтирган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлашга қаратилган “Қадр-қиммат, эркинлик ва адолат — ҳамма учун” кампаниясини бошлаб берди. Шу билан бирга, глобал форум Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациянинг 11 йиллигига бағишланган тадбирларнинг дебочаси — дастлабкиси бўлди.
Учинчи хулоса: мазкур жабҳадаги таълим инсон ҳуқуқларини бутун дунё миқёсида қўллаб-қувватлаш ва барчанинг уларга риоя қилишига эришиш борасида ниҳоятда улкан аҳамиятга эга. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 26-моддасида қайд этилганидек, “Таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга ва инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозим. Таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасида бир-бирини тушуниш, хайрихоҳлик ва дўстликка хизмат қилиши ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш борасидаги фаолиятига ёрдам бериши керак”.
Шу нуқтаи назардан, глобал форум иштирокчилари томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг қуйидаги учта жиҳати алоҳида таъкидланди:
биринчи жиҳати — барча фуқаролар инсон ҳуқуқлари ўзи нима экани, бу ҳуқуқлар қандай кафолатланиши ёки таъминланиши ҳақида етарлича билим олишлари лозим;
иккинчи жиҳати — инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсон ҳуқуқларига оид қадриятларга мос ва мувофиқ ҳолда амалга оширилишига ҳамда бу соҳадаги таълимнинг нафақат жараёни, балки мазмун-моҳияти ҳам жуда муҳимлигига жиддий эътибор қаратиш керак;
учинчи жиҳати — инсон ҳуқуқлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш, ўз навбатида, таълим олаётган шахсларга инсон ҳуқуқларига оид қадриятларни ўз ҳаётида қўллаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини мустақил равишда ёки жамоатчилик билан биргаликда рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш учун жуда қўл келишини унутмаслик зарур.
— Халқаро ва хорижий экспертлар томонидан қандай фикрлар билдирилди?
— Бу ҳақда сўз юритишдан олдин бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари Самарқанд глобал форуми иштирокчиларига ўзларининг самимий қутловлари билан мурожаат қилганларини таъкидлаш лозим, деб ўйлайман.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси, элчи Федерико Вильегас, Парламентлараро Иттифоқ раиси Дуарте Пачеко, ЮНЕСКО Бош котиби ўринбосари Стефания Жаннини, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи, Европа Кенгаши Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бўйича директорати бош директори Якумопулос Кристос, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — ижрочи котиби Сергей Лебедевнинг кириш сўзлари, бир томондан, ушбу халқаро анжуманнинг қанчалик долзарблигини кўрсатиб берган бўлса, иккинчи томондан, Самарқанд глобал форуми том маънодаги умумбашарий масалалар кўриб чиқиладиган мулоқот майдони эканини амалда тасдиқлади.
Жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф. Тюрк Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бўйича зиммасига олган мажбуриятларини бажариш ҳамда бу борада бошқа мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган самарали саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсоният олдидаги қийинчиликларни енгишга кўмаклашади. Айниқса, ёшларга бу соҳада берилган пухта таълим уларнинг фуқаролик фаоллигини оширади. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бутун умр давомида ўқитилиши, мунтазам малака ошириб борилиши ва ўрганилган билимлар амалда қўлланиши талаб этиладиган ўзига хос таълим соҳасидир. Зеро, таълим олиш ҳеч қачон ёш танламайди”.
Ф. Тюрк, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бўйича самарадор ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлашини қайд этди. “Бутун дунёда, шу жумладан, Марказий Осиёда миллий ва минтақавий даражаларда инсон ҳуқуқлари соҳасида турли таълим тренингларини ўтказиш муҳим вазифаларимиздандир. Глобал кўламда эса барча мамлакатлар бу борада ўзаро тажриба алмашиши ва бир-биридан ибратли амалиётларни ўзлаштиришини таъминлашга интиламиз. Шу маънода, мамлакатингизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича яқин истиқболдаги режалари менга мамнуният бағишлайди”, деди БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси, элчи Ф. Вильегас Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатидаги фаолияти ўз самараларини бераётганини амалда кўриб турганидан мамнунлигини билдирди. “Айниқса, Самарқанд глобал форуми мисолида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга оид ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари учун Ўзбекистонга алоҳида раҳмат айтаман”, деди у.
Ф. Вильегаснинг фикрича, бугунги кунда жаҳон аҳли тинчликка, дунёнинг бугунги манзарасига бемисл таъсир кўрсатадиган учта воқеликни бошидан кечирмоқда. Булар — пандемия инқирози, иқлим ўзгариши ва Европанинг қоқ юрагида кечаётган ҳамда глобал оқибатларга эга нотинчликдир.
Бу воқеаларнинг барчаси инсон ҳуқуқларига тўғридан-тўғри дахл қилади. Шундай экан, ушбу воқеаларга инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ёндашиш бундай кулфатларни енгиб ўтиш ва келгусида яна такрорланишининг олдини олишда энг мақбул йўлдир. Бундай инқирозларнинг олдини олиш учун инсон ҳуқуқлари соҳасига оид етук нормалар ва институтларга эга бўлишимиз талаб қилинади. Бинобарин, ранг-баранглик қадриятларининг аҳамиятини эътироф этиш, жамиятни фаровон қилиш ва низоларга барҳам бериш учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимдан мақбулроқ таъсирчан восита йўқ, деб таъкидлади БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори М. Мекаччи инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни — доимий эътибор талаб қиладиган узоқ муддатли сармоя, деб ҳисоблайди. Уни кўпинча кутилган самарани бермайдиган қисқа муддатли ҳар хил лойиҳалар билан алмаштирмаслик лозим ва шарт.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни амалга оширишнинг икки томони борлигини ҳам яхши англашимиз лозим. Бир томондан, кишиларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича хабардорлиги ва билимини оширишимиз керак. Иккинчи томондан эса инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг таълим тизимидан ўрин олишига интилишимиз даркор.
Шу нуқтаи назардан, М. Мекаччининг эътирофича, “Самарқанд глобал форуми инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни бутун минтақамиз кўламида ривожантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, бундай таълим жамият ҳаёти яхшиланиши ва демократия ривожланиши йўлида муносиб ҳисса қўшадиган қобил ҳамда қатъиятли фуқаролар шаклланишига хизмат қилади”.
Европа Кенгаши Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бошқармаси бош директори Х. Гиякумопулос инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича глобал форумнинг айнан қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши жуда ўринли, мантиқли ва теран рамзий маънога эгалигини таъкидлади. Чунки унинг эътироф этишича, ушбу заминда неча асрлар давомида инсониятга яхшилик ва манфаат келтирувчи билимларга бой қанчадан-қанча ноёб илмий асарлар яратилган.
“Глобал форумни ўтказиш учун ҳам мақбул вақт танланган”, дейди Х. Гиякумопулос. Зеро, “биз бугун БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси натижаларини ҳамжиҳатликда баҳолаб турибмиз. Яқин кунларда эса БМТ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланган бутунжаҳон кампанияси бошланади. Мазкур декларация қабул қилинганидан буён ўтган даврда бутун дунёда инсон ҳуқуқлари бўйича қанчадан-қанча муҳим минтақавий шартномалар қабул қилинишига туртки бериб келмоқда”.
Глобал форуми иштирокчиси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бўлими координатори Елена Ипполити Самарқанд глобал форуми доирасида кўплаб минтақавий ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида айни мавзу юзасидан кенг муҳокамалар бўлиб ўтгани халқаро анжуманинг асосий ютуғи, деб ҳисоблайди. Шунингдек, муаммоларга энг қулай ечим топиш бўйича амалий таклифлар берилгани жуда муҳимдир.
Е. Ипполити Ўзбекистонда мазкур соҳада кечаётган ижобий ўзгаришлардан хурсанд бўлганини яшириб ўтирмади. Глобал форумда “Инсон ҳуқуқи бўйича таълим масаласи глобал миқёсда ҳукуматлар томонидан муҳокама қилиниши зарурлиги тўғрисида тавсиялар берилди. Муҳими, мазкур тавсияларни ҳаётга татбиқ этиш шарт. Инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълимнинг асл аҳамияти маҳаллий ва миллий даражада барча фуқаролар манфаати учун йўналтирилганидадир”, деди БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси вакили.
БМТ Қочоқлар масаласи бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси катта ходими Франк Ремус эса Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракати туфайли мамлакатда кейинги йилларда 70 мингга яқин кишилар фуқароликни олганини таъкидлади. Ф. Ремус бу борадаги яқин ҳамкорликдаги ишлар келгусида ҳам самарали давом эттирилишини таъкидлади.
“Яқин келажакда Ўзбекистонда фуқаролиги бўлмаган шахслар қолмаслигига ишончим комил. Ёшлар тарбияси Ўзбекистонни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Шу боис нафақат таълим, балки бошқа соҳаларда ҳам минтақавий ҳамкорликни ошириш зарур”, деди БМТ Қочоқлар масаласи бўйича бошқармасининг вакили.
— Глобал форум якунида қабул қилинган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни амалга ошириш бўйича Самарқанд Ҳаракатлар режасининг мақсад-моҳияти ва аҳамияти нимада?
— Самарқанд Ҳаракатлар режаси, глобал форум иштирокчиларининг фикрича, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга ошириш ишига қўшилган катта ҳисса бўлди. Бинобарин, жаҳон таълим дастурининг ўзи — Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияни тўлдирувчи глобал Ҳаракатлар режаси, деганидир.
Ўтган даврда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг кетма-кет учта босқичи изчиллик билан амалга оширилди. Ўз навбатида, 2020 йилда бошланган тўртинчи босқич 2024 йилда ниҳоясига етади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2022 йил 6 октябрдаги Резолюциясида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга оширишга масъул тегишли манфаатдор томонларнинг бу борадаги ижобий ташаббуслари алоҳида таъкидланди. Шунингдек, дастурнинг бешинчи босқичида амалга ошириладиган ишлар юзасидан таклифларни шакллантириш масаласи кун тартибига қўйилди.
Резолюцияда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасига БМТнинг барча тузилмалари, давлатлар, фуқаролик жамияти институтлари ва манфаатдор томонларнинг айни мавзудаги фикр-мулоҳазаларини сўраб олиш тавсия этилди. Шу маънода инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим мавзуидаги глобал форумда, жумладан, Жаҳон таълим дастури бешинчи босқичи бўйича таклифларнинг муҳокама қилингани муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Шундай қилиб, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни амалга ошириш бўйича Самарқанд Ҳаракатлар режаси БМТ Бош Ассамблеясининг яқин орада бўлиб ўтадиган мажлисларидан бирида халқаро ҳамжамиятга тақдим этилиши кутилмоқда.
— Самарқанд Ҳаракатлар режасида, умуман, глобал форумда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш юзасидан қандай тавсиялар берилди?
— Биринчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбияни амалга оширишда:
оддийгина “Инсон ҳуқуқлари нима?” деган саволга жавоб топишдан тортиб, ушбу ҳуқуқларнинг туб моҳиятини англаб етишгача бўлган кенг кўламли таълимни тўлиқ қамраб олишга эътибор қаратиш лозим. Бунда “инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан таълим бериш”га, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг ҳуқуқлари ҳурмат қилинишига, инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда қадр-қиммати ҳимояси имкониятларини ўзаро бирдамлик негизида кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратиш тақозо этилади;
юридик таълим билангина чекланиб қолмасдан, бу йўналишдаги тор доирани ёриб чиқиш керак. Токи инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олувчилар нафақат ўз ҳуқуқларини, балки ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳам ўзаро бирдамликда ҳимоя қилиш борасида етарлича ҳаётий кўникма ва дунёқарашга эга бўлсин;
таълим жараёнлари таълим олувчиларнинг турлича маданий ўзига хосликларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари принципларига асосланиши ва уларнинг ёши, маданий мансублиги, билим даражаси ва таълимга бўлган эҳтиёжи талабларига мос бўлиши даркор.
Иккинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қамровдор ва аниқ мақсадли миллий дастурлар ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва қўллаш амалиётини кенгайтириш зарур. Бунда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастури билан Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларига таяниш мақсадга мувофиқдир.
Учинчидан, барча давлатларнинг ҳукуматлари:
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни, барча имкониятларидан фойдаланган ҳолда, рағбатлантиришлари, масалан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва БМТ томонидан илгари сурилган бошқа шу каби устувор ташаббусларни амалга ошириш доирасида ушбу таълимни қўллаб-қувватлашлари;
инсон ҳуқуқларини барча ўқув юртлари, жумладан, давлатга қарашли олий ўқув юртлари, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашга ихтисослаштирилган таълим муассасалари — университетлар, институтлар, марказлар, факультетлар, курслар, шунингдек, умумтаълим, ўрта махсус таълим ва касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқув дастурларига киритишлари ҳамда шу негизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни институциялаштиришни таъминлашлари;
фуқаролик жамияти, хусусий сектор ва бошқа тегишли манфаатдор томонларни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия ишларига жалб этиш учун хавфсиз ва мақбул муҳит яратишлари;
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга оид тадқиқотларни, жумладан, кенг аҳоли қатламлари ва алоҳида гуруҳларни инсон ҳуқуқларидан хабардор қилишга қаратилган илмий изланишларни ҳар доим рағбатлантиришлари;
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим дастурлари ва ўқув қўлланмалари очиқ, ҳаммага етиб борадиган бўлиши, тушунарли ва равон тилда ёзилиши, камситишлар ва эскирган, тор ёндашувларга қарши турадиган турлича нуқтаи назарларни қамраб олиши учун зарур чораларни кўришлари;
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни миллий даражада амалга ошириш учун янгича ахборот технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланишга жиддий эътибор қаратишлари талаб этилади.
Тўртинчидан, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг 2025 — 2029 йилларга мўлжалланган бешинчи босқичида амалга ошириладиган ишлар юзасидан глобал муҳокамалар давом эттирилади.
Бешинчидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази негизида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича халқаро университет ташкил этиш таклиф қилинди.
Глобал форум иштирокчилари томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимда бир ёқлама маърузабозлик усули мақбул эмаслиги қайд этилди. Аксинча, ушбу соҳада тизимли таълимни олиб бориш, соҳада тадқиқотчи ва илмий кадрлар, салоҳиятли магистрлар тайёрлашни изчил йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.
Ушбу жараёнда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия услубиёти таълим олувчиларни айнан ўқув жараёнлари марказига қўйиши зарур бўлади. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш бўйича алоҳида шахслар ва жамоаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган танқидий-таҳлилий хулосалар, билим ва кўникмаларни ўзида мужассам этадиган янгича услублардан фойдаланишни тақозо этади.
— Самарқанд глобал форумининг ўзига хос яна қандай хусусиятларига тўхталишни истардингиз?
— Глобал форум доирасида бир қанча алоҳида муҳим тадбирлар ҳам ўтказилди. Шулардан бири — “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича адабиётлар” кўргазмасидир.
Кўргазмада кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим йўналишида нашр этилган 250 номдаги мингдан зиёд китоб ва илмий журналлар намойиш қилинди. Кўргазма якунида ушбу адабиётлар Aлишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг кутубхонаси ва А. Пушкин номидаги Самарқанд вилояти универсал илмий кутубхонасига тенг миқдорда ва беғараз асосда тақдим этилди.
Глобал форумнинг муҳим янгиликларидан бири — унинг доирасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича маҳорат дарслари ўтказилгани бўлди. Самарқанд давлат университетида ташкил этилган ушбу маърифий тадбир Адлия ва Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура вакиллари, судьялар, адвокатлар, юридик йўналишдаги таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, магистр ва бакалаврлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари экспертлари — жами 7 мингдан зиёд тингловчиларни қамради.
Глобал форум доирасида “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Жорий йилда ушбу мукофотга 6 нафар ҳамюртимиз, 2 нафар чет эл фуқароси ва 2 та нодавлат нотижорат ташкилоти сазовор бўлди. Хусусан, тақдирланганлар орасида Таллин университетининг Бошқарув, ҳуқуқ ва жамият академияси фахрий профессори Рейн Мюллерсон ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ришард Коменда бор.
Энг муҳими, глобал форум иши асносида янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги сиёсатини кенг ёритиш масаласи алоҳида эътиборимизда турди. Глобал форум давомида миллий ва глобал ахборот маконларида 300 тадан ортиқ хабар ва ахборот-таҳлилий материаллар жойлаштирилди. Турли оммавий ахборот воситаларида мақолалар берилди.
Миллий марказнинг расмий сайтида глобал форум мавзуида 120 та материал уч тилда — ўзбек, инглиз ва рус тилларида жойлаштирилди. Форумнинг махсус веб-сайти ҳам уч тилда фаолият юритди. Миллий марказ муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали, шунингдек, “Адолат кўзгуси” ва “Зарафшон” газеталарининг глобал форумга бағишланган махсус сонлари чоп этилди.
“Халқ сўзи” газетаси,
2022 йил 15 декабрь