Шавкат Мирзиёев: Қирғизистон бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз, энг яқин қўшнимиз ва вақт билан синалган дўстимиздир
27.01.2023
Бишкекдаги “Ала-Арча” давлат қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров тор доирада учрашув ўтказдилар.
Давлатимиз раҳбари таклиф ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, кейинги икки йилда Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлиги жуда самарали ривожланганини қайд этди.
- Қирғизистон бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз, энг яқин қўшнимиз ва вақт билан синалган дўстимиздир, - деди Шавкат Мирзиёев.
Томонлар охирги икки йилда ўзаро муносабатларни мутлақо янги даражага олиб чиқишга эришгани таъкидланди. Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг делимитацияси якунига етказилгани эса тарихий воқеа сифатида эътироф этилди.
Музокараларда икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон раҳбари кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми етти баробарга кўпайганини мамнуният билан қайд этди. Ўтган йилнинг ўзида товар айирбошлаш 30 фоизга ошиб, 1,3 миллиард долларга етди.
Икки мамлакат ҳукуматларига савдо ҳажмини янада ошириш ва ўзаро маҳсулот етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш юзасидан биргаликда ишлаш бўйича топшириқ берилди.
Саноат, тўқимачилик, энергетика, кон ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Шу мақсадда Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт фондининг салоҳияти янада фаол ишга солинади.
Давлат раҳбарлари минтақавий тузилмалар ва халқаро мулоқот майдонлари доирасидаги ҳамкорликни, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорлик, замонавий хатар ва таҳдидларга самарали қарши курашиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Томонлар кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга интилишини тасдиқладилар.