Ўмондан муносабат: Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация икки қардош мамлакат ва халқлар манфаатлари йўлида хизмат қилади
Ўмондан муносабат: Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация икки қардош мамлакат ва халқлар манфаатлари йўлида хизмат қилади
МАСҚАТ, 28 январь. /«Дунё» АА/. «Atyab Foodtech» компанияси бош менежери Моҳиб Аҳмад Хон (Ўмон) Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга бўлиб ўтган давлат ташрифи якунлари ҳақидаги фикрларини йўллади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
- Янги Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб олган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 26-27 январь кунлари Қирғизистонга қилган давлат ташрифи ўта муҳим ва долзарб аҳамиятга эга.
Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг сиёсий иродаси, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникациялари самарадорлигини ошириш, бошқа долзарб маслаларга ечим топилди.
Навбатдаги музокаралар давомида қабул қилинган энг муҳим ҳужжатлардан бири Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация бўлди. Шубҳасиз, ушбу келишув икки қардош мамлакат ва халқлар манфаатлари йўлидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожланишига хизмат қилади.
Учрашувда савдо ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамкорликнинг энг муҳим устувор йўналиши этиб белгиланлиги, кейинги йилларда товар айирбошлаш етти баробарга кўпайгани ва қарийб 1,3 миллиард долларга етгани икки мамлакатнинг ўзаро шерикликка бўлган интилишидан далолат беради.
Томонлар икки мамлакат корхоналари ва сармоядорлари иштирокида энергетика ва кон тармоқларида, шу жумладан, кўмир саноатида йирик инфратузилмавий лойиҳаларнинг амалга оширилишидан манфаатдор эканини таъкидлади. Бу борадаги ишларни тизимли асосда ташкил этиш учун Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси кенгайтириладиган бўлди.
Умуман айтганда, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларнинг яхшиланиши, энг аввало, икки биродар халқ фаровонлигига, қолаверса, минтақанинг инвестицион жозибадорлигини ошириб, хорижий давлатлар ва инвесторлар билан ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади.