Ўмонда “Навоийга эҳтиром” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди
Ўмонда “Навоийга эҳтиром” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди
ТОШКЕНТ, 10 февраль. /«Дунё» АА/. Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги муносабати билан Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчихонасида “Навоийга эҳтиром” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Анжуманда ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошлар, вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.
Маданий-маърифий кечада Алишер Навоийнинг бой илмий меъроси, ўзбек тили ривожи ва жаҳон адабиётида тутган беқиёс ўрни ҳақида сўз юритилди. Буюк шоир ғазал ва рубоийларидан парчалар ўқилди.
Адабий кечада фаол қатнашган ватандошларга «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китоби совға қилинди.
Тадбир якунида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.