Ўмонда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди
Ўмонда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди
МАСКАТ, 11 сентябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Ўмондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган қабул маросими ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда Ўмон Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари, Туркия, Озарбайжон ва Қозоғистон элчилари, ОАВ ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.
Тадбир қатнашчиларига Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, қўлга киритилган ютуқлар, ривожланиб бораётган Ўзбекистон-Ўмон алоқалари, жумладан жорий йил июнь ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Маскатга илк расмий ташрифи ва эришилган натижалар ҳамда 27 октябрь куни ўтказиладиган Парламент сайловлари ҳақида сўзлаб берилди.
Ўмон Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик департаменти раҳбари Шайх Аҳмад ал-Маскарий ўз нутқида икки давлат алоқалари янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. У, шунингдек, Ўмон Ўзбекистон билан барча соҳаларда фаол ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканлигини билдирди.
Жорий йилнинг 24 августида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган "Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси" мавзусидаги VIII халқаро конгрессда иштирок этган Султон Қобус университети профессори Сейф ал-Ҳади ўз навбатида, тадбир юқори даражада ташкил этилганини эътироф этиш баробарида, Ўзбекистон заминида яшаб ўтган ва Ислом цивилизациясига ўзининг улкан ҳиссани қўшган аждодларимизнинг илмий мероси беқиёс эканини алоҳида урғулади.
Ўмоннинг "ал-Ватан" марказий газетаси мухбири Сауд аль-Ҳарсий халқ фаровонлиги йўлида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, муносиб ҳаётни таъминлаш, замонавий шаҳарларни барпо этиш билан бир вақтда бой тарихий меросни асраб-авайлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни қайд этди.
Қабул маросими иштирокчилари эътиборига Ўзбекистон туризм салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеороликлар намойиш этилди. Шунингдек, улар учун байрамона дастурхон ёзилиб, ўзбек миллий таомлари улашилди.