Ўзбекистон элчиси Ўмоннинг Шимолий ал-Батина муҳофазасидаги "Соҳар" порти имкониятлари билан танишди
Ўзбекистон элчиси Ўмоннинг Шимолий ал-Батина муҳофазасидаги "Соҳар" порти имкониятлари билан танишди
МАСКАТ, 20 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Абдусалом Хатамов Ўмоннинг Шимолий ал-Батина муҳофазаси ҳокими Муҳаммад бин Сулаймон ал-Кинди билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Учрашувда Ўзбекистон ҳудудлари ва Шимолий ал-Батина муҳофазаси ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳофаза раҳбари Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги тарихий алоқалар, ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида маълумотлар билан танишди.
Ўзбекистон томони ушбу ҳудудда жойлашган йирик "Соҳар" порти орқали савдо алоқаларини кенгайтириш ниятини билдирди.
Муҳаммад ал-Киндининг қайд этишича, Шимолий ал-Батина муҳофазаси раҳбарияти Ўзбекистон ҳудудлари билан ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдор. У, шуниннгдек, Ўзбекистон вилоятлари билан алоқаларни ривожлантириш мақсадида тадбиркорлар ва олий таълим муассасалари раҳбарларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга сафарини ташкил этишга тайёрлигини билдирди.
Муҳофаза ҳокими билан учрашувдан сўнг элчи Абдусалом Хатамов Соҳар шаҳрида жойлашган "ASYAD Group" ширкатига ташриф буюрди. Ширкат раҳбарияти билан учрашувда корхонанинг Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ташкилот мутасаддилари "Соҳар" ва Шимолий ал-Батина муҳофазасида жойлашган эркин иқтисодий зона фаолияти ҳақида сўзлаб беришди.
"Соҳар" Ўмоннинг "ASYAD Group" ширкати ва Нидерландиянинг Роттердам порти томонидан 2004 йилда ташкил этилган. Ушбу порт Ўмон иқтисодиёти учун катта аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатнинг 70 фоиз импорти ва экспортини амалга оширади.
Бундан ташқари, "Соҳар" порти Ўмонни Кўрфаз араб давлатлари, Ҳиндистон яримороли ва Узоқ Шарқ давлатлари билан боғловчи асосий йўналиш саналади. 2023 йилда Ўмондаги жами 9 та порт орқали амалга оширилган савдо айланмаси 103 миллиард долларни ташкил этган. Шундан 17 миллиард долларлик савдолар "Соҳар" порти орти ҳиссасига тўғри келади.