Ўмондан муносабат: Ўзбек халқининг буюк аждодлари ислом цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган
Ўмондан муносабат: Ўзбек халқининг буюк аждодлари ислом цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган
МАСКАТ, 6 октябрь. /"Дунё" АА/. Султон Қобус университети ассистент профессори, Ўмон ахборот вазирлигининг собиқ маслаҳатчиси Сайф бин Салим ал-Ҳади "Дунё" АА учун интервьюсида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган "Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси" мавзусидаги VIII халқаро конгресси ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Шу йил август ойида қадимий Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтган "Буюк аждодлар мероси — Учинчи Ренессанс асоси" мавзусидаги муҳим конференцияда қатнашдим. Ушбу анжуман Ўзбекистон меросининг аҳамияти, барқарор ривожланиш ва маданий ренессансни амалга оширишдаги ролини акс эттириш мақсадида юқори даражада ташкил этилди. Конференция Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф билан бошланди.
Анжуман Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан ташкил этилган бўлиб, у тўрт кун давом этди.
Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросига оид турли мавзуларни қамраб олган бир нечта сессиялар конференция нуфузини янада оширди. Энг муҳим жиҳати Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қандай кўринишда бўлиши кераклиги ҳақида фикрлар ва таклифлар тақдим этилгани бўлди.
Шунингдек, конференция давомида Ўзбекистоннинг бой маданий ва маърифий меросига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ўзбек халқининг буюк аждодлари ва улар қолдирган мерос ҳақида фикр алмашилди. Санъат, ҳунармандчилик ва миллий урф-одат ҳамда қадриятларга бағишланган маърузалар ва семинарлар мамлакат тарихини чуқурроқ тушунишга ёрдам берди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, ўзбек халқининг буюк аждодлари ислом цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган. Ушбу бой мерос кейинчалик Ғарб тамаддунининг асосини ташкил этди.
Анжуман муваффақиятли якунланди ва у биз учун катта тажриба бўлди. Умид қиламанки, Ўзбекистон ўзининг буюк меросини янада мустаҳкамлашда давом этади ва уни дунёга тақдим этади.