Ўмондаги ватандошлар Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайловига ҳозирлик жараёнлари билан танишдилар
Ўмондаги ватандошлар Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайловига ҳозирлик жараёнлари билан танишдилар
МАСКАТ, 7 октябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Ўмондаги элчихонасида шу йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига бағишланган тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда Ўмонда яшаётган ва вақтинча ишлаётган ватандошлар иштирок этди. Уларга жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари ва хорижда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг сайловда иштирокини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди.
2023 йил 18 декабрь куни "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонунининг мазмун-моҳиятига эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон тарихида илк маротаба Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилиши билдирилди.
Бундан ташқари, иштирокчиларга турли сабабларга кўра, хорижда бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун қулайликлар яратиш мақсадида "saylov.mfa.uz" сайти ишга туширилгани маълум қилинди.
Тадбирда сўзга чиққан ҳамюртларимиз Ватандан узоқда яшасаларда, доимий равишда Ўзбекистонда бўлаётган жараёнларни, турли соҳалардаги ислоҳотларни диққат билан кузатиб боришларини маълум қилдилар. Улар, шунингдек, ушбу муҳим сиёсий тадбирда фаол иштирок этишларини тасдиқладилар.