Ўзбекистоннинг Ўмондаги ишбилармон ҳамкорлари сафи кенгаймоқда
Ўзбекистоннинг Ўмондаги ишбилармон ҳамкорлари сафи кенгаймоқда
ТОШКЕНТ, 14 октябрь. /"Дунё" АА/. Халқаро Нордик университетида Ўзбекистоннинг Уммондаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон–Ўмон бизнес-форуми ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Бизнес-форумда "Al Khonji Group" LLC бошқарув кенгаши раиси, Ўмон савдо-саноат палатаси собиқ президенти Кҳалил ал-Кҳонжи, "Arabian Industries" SAOC ижрочи директори, Ўмоннинг қатор вилоятларидаги меҳмонхоналар эгаси Амур ал-Сулеиманий иштирок этдилар.
Улар Ўзбекистондаги тиббиёт муассасалари ва тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқарувчи ширкатлар билан ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирдилар. Шунингдек, ўзбекистонлик тадбиркорлар билан меҳмонхона бизнесини йўлга қўйиш таклифларини илгари сурдилар.
Форумда "General electric & Trading" Co LLC бошқарув кенгаши раиси Муртадҳа Ҳассан Али томонидан Ўмон бизнес тажрибалари хусусида маълумотлар берилди. Нуфузли меҳмон Ўзбекистонда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ширкатлар билан ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.
Шунингдек, Ўмон савдо-саноат палатаси собиқ бош котиби, фахрий меҳмон Абдулазим Аббас, "Oman Oil Marketing Company" SAOG директорлар кенгаши раиси Абдулазиз Сауд, "Oman-China investments" LLC ижрочи директори Су Юҳанглар ҳам иштирок этдилар ва ўз тажрибалари билан бўлишдилар.
Форумда нефть ва газ, кимё, энергетика ва электротехника саноати, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, туризм ва бошқа соҳаларда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро савдони ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги эътироф этилди.
Халқаро Нордик университети ва Ўмон компаниялари раҳбариятлари ўртасида ўқитиш, кадрлар тайёрлаш, таълим соҳаларида ҳам тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик ўрнатилди.
Бизнес-форум доирасида Халқаро Нордик университети ректори Шерзод Мустафакулов ва Маскат университети директори Кҳалил Ал-Кҳонжи ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Нуфузли делегация аъзолари Нордик университети дил изҳорлари китобига ўзларининг самимий тилакларини ёзиб қолдирдилар.