Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистони билан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини қайд этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига амалий ташриф доирасида Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳни қабул қилди.
Олий даражадаги келишувлар ижроси доирасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, энг аввало, Ўзбекистонда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, кооперация кўлами ва авиақатновлар сони ортиб бормоқда. Жорий йил якуни билан юртимизга Саудия Арабистони компанияларининг қарийб 2,5 миллиард долларлик инвестициялари жалб этилиши кутилмоқда.
"Яшил" энергетика, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, иссиқлик ва сув таъминоти, қишлоқ ва уй-жой коммунал хўжалиги каби соҳаларда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш зарурлиги қайд этилди.