"Asdaa Oman" газетаси: 2025 йилда Бухоро вилоятида 2 миллиард долларлик хорижий инвестиция ҳисобига 106 та лойиҳани амалга ошириш мўлжалланган
"Asdaa Oman" газетаси: 2025 йилда Бухоро вилоятида 2 миллиард долларлик хорижий инвестиция ҳисобига 106 та лойиҳани амалга ошириш мўлжалланган
МАСКАТ, 11 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўмоннинг "Asdaa Oman" газетасида "320 миллион АҚШ доллар сармоя киритилган ҳолда Бухорода тўртта тўқимачилик фабрикаси барпо этилади…" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 29 ноябрь куни Бухоро вилоятида қўшимча имкониятларни юзага чиқариш, инвестиция ва иш ўринларини кўпайтириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган йиғилиш тафсилотлари қаламга олинган.
Ўмон босма нашри танқидий руҳда ўтган йиғилишда вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги айтилганини, инвестицияларни ўзлаштириш, камбағаллик ва ишсизликни камайтириш борасидаги ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилганини маълум қилинган.
"Йиғилишда вилоятнинг ҳар бир ҳудудини саноатнинг муайян тармоғига, масалан, Пешку ва Шофиркон туманларини қурилиш материаллари ҳамда тўқимачиликка, Когон шаҳри, Олот ва Жондор озиқ-овқат, Ғиждувон ва Ромитанни кимё саноатига ихтисослаштириш керакли қайд этилди. Бу тадбиркорларнинг 150 миллион долларлик лойиҳаларига йўл очади. Бунинг самарасида 411 та кичик корхона, 12 мингта иш ўрни пайдо бўлади", – дейилган манбада.
Вобкент, Қоракўл, Жондор ва Олотда 320 миллион долларлик 4 та тўқимачилик корхонаси қуриш лойиҳалари бор. Натижада тайёр трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотлари ҳажми 2 баробар ошади, 5 мингта иш ўрни яратилади.
Мақола "Мажлисда Бухоро вилояти ҳокими шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича режаларини тақдимот қилди. Умуман, келгуси йилда 2 миллиард долларлик хорижий инвестиция ҳисобига 106 та лойиҳани амалга ошириш мўлжаллангани айтилди. Уларда 105 мингта доимий иш ўрни яратилади, 350 миллион доллар экспорт бўлади", деган фикрлар билан якунланган.