Ўмонликлар Ўзбекистонга саёҳат қилишга қизиқиш билдирмоқда
Ўмонликлар Ўзбекистонга саёҳат қилишга қизиқиш билдирмоқда
МАСКАТ, 20 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Ўмоннинг "Travel Diaries" сайёҳлик компанияси раҳбари Сридху Наир билан учрашув ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда мамлакатимиз туризм салоҳиятини Ўмонда кенг тарғиб қилиш ва ушбу давлатдан сайёҳлар оқимини кўпайтириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.
Ўмон вакилига Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга ошириш мумкин лойиҳалар, сайёҳлик йўналишлари, мавжуд инфраструктура ва уларнинг ўзига хослиги, зиёрат туризми салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Сридху Наир мамлакатимизга бир неча бор турлар уюштирганини, саёҳатлар унинг мижозларига маъқул келаётганини, мазкур соҳада Ўзбекистонда катта салоҳият ва истиқболлар мавжудлигини алоҳида таъкидлади. У мазкур йўналишдаги ишларни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини ҳам маълум қилди. "Ўмонликлар асосан Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларига саёҳат қилиш истагини билдиряпти. Компаниямиз томонидан амалга оширилаётган турлар орқали халқимиз Ўзбекистон ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлмоқда. Бу эса Ўзбекистонга бориш истагини билдираётганлар сони кундан-кунга ортишига хизмат қиляпти.
Мулоқот якунида ўмонлик тадбиркор билан Ўзбекистон туризм салоҳияти бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини биргаликда амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.