Ўмонлик тадбиркорлар Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий салоҳияти ва инвестицион имкониятлари билан танишди
Ўмонлик тадбиркорлар Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий салоҳияти ва инвестицион имкониятлари билан танишди
МАСКАТ, 19 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Ўмон Савдо-саноат палатаси раҳбарияти бошчилигида 30 нафар тадбиркорларнинг мамлакатимизга ташрифи ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, Ўмон делегацияси Сирдарё вилоятига ташриф буюриб, вилоятда тадбиркорлик учун яратилган имконият ва бизнес лойиҳалар ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишдилар. Жумладан, делегация вакиллари вилоятнинг балиқчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, логистика хизматлари, энергетика йўналиши, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилиш, шунингдек мебель ишлаб чиқариш, тўқимачилик, ун маҳсулотларини тайёрлашдаги мавжуд салоҳияти билан танишдилар.
Шу куннинг ўзида Янгиер шаҳрида вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ва Ўмоннинг Ўзбекистондаги элчиси Вафо Жабр Носир ал-Бусаидий ҳамда икки давлат тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ва В2В форматда учрашувлар ўтказилди.
Ташриф доирасида, шунингдек, хорижий давлатнинг мамлакатимиздаги элчиси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, "UzOman Invest Company" қўшма инвестицион ширкати ва "Atyab International Services" компанияси вакиллари иштирокида ўмонлик ва ўзбекистонлик тадбиркорларнинг навбатдаги бизнес-форуми ўтказилди.
Бизнес форум доирасида Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси ва ўзбекистонлик тадбиркорлар ўзларининг ўмонлик ҳамкасблари билан бир қатор англашув меморандумлари ва битимларни имзолашди.
Делегация вакиллари Тошкентдаги "TEXNOPARK" МЧЖга ташриф буюриб, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электротехника маҳсулотлари билан ҳам танишди.
Ташриф доирасида ўмонлик тадбиркорлар Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги фаолияти, шунингдек, Марказий экспорт штабида юртимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга тайёрлаш тизими билан яқиндан танишдилар.
Ташқи ишлар вазири ташаббуси билан ташкил этилган ушбу ишбилармонлик ташрифи натижасида Ўзбекистонга илк бор ташриф буюрган ўмонлик ишбилармонлар мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий ва инвестицион салоҳияти билан яқиндан танишиб, маълумот олдилар.