Саъд Суҳайл Баҳван: Хорижий инвесторлар Ўзбекистонни танламоқда
Саъд Суҳайл Баҳван: Хорижий инвесторлар Ўзбекистонни танламоқда
ЎзАнинг “Халқаро минбар” лойиҳасида ўмонлик йирик тадбиркор, “Oman Trading Establishment LLC” ширкати раҳбари Саъд Суҳайл Баҳван мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция муҳити, ижтимоий, иқтисодий ҳаётимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашади.
– Тахминан 15 йил олдин Ўзбекистонга илк бор келганимда ўлкангизнинг бой тарихи, ҳайбатли обидалари билан танишиб, мислсиз таассуротлар олгандим. Ўтган йил май ойида Тошкент Халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун яна бир бор Ўзбекистонга ташриф буюриб, сафарим давомида Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари билан учрашиш шарафига ҳам муяссар бўлдим. Тўғриси, мамлакатга сармоя киритиш истагидаги хорижликларга яратилган шароитлар мени ҳайратга солди. Мавжуд қонунчилик асосида чет эллик инвесторлар учун қатор кафолат, имтиёзлар берилган.
Келажак мақсади аниқ юртда қулай инвестиция сиёсати, қонун устуворлиги, энг асосийси тўлов қобилиятига қодир кучли шерик сифатида ишонч қозониш салоҳияти бисёрлигини ҳис қилдим.
Мен бу гал давлат барча соҳалар бўйича жуда тез суръатда илдамлаб бораётганига гувоҳ бўлдим. Кўплаб хорижий инвесторлар, нуфузли халқаро ташкилотлар очиқ бозор сифатида Ўзбекистонни танлаётгани бизни ҳам сармоядор сифатида қувонтирди.
Дарвоқе, хорижий инвесторларни давлат раҳбарининг шахсан ўзи қабул қилиши камдан-кам кузатиладиган ҳолат. Тошкентда шунга гувоҳ бўлдик. Мамлакат етакчисининг суҳбатдошларга нисбатан илиқ муносабати, кўтаринки муҳит бизни руҳлантирди. Унинг аниқ, шаффоф ташаббуслари, улуғворлиги, қарашларидаги қатъият яққол кўринди. Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги бизда катта таассурот қолдирди.
Саъд Суҳайл Баҳван мамлакатимизга биринчи ва иккинчи ташрифи ўртасидаги улкан фарқни алоҳида таъкидлади:
– Ҳақиқатан ривожланиш, хорижий инвесторлар учун хавфсизлик бор. Яқин кунларда нефть-кимё, кўчмас мулк ва туризмга тегишли йўналишларга инвестиция киритиш умидидаман. Инчунун, Ўзбекистон сармоя киритишга энг мақбул танлов эканлиги намоён бўлмоқда.