Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева Ўмонда бўлиб ўтган "Сўфий мусиқаси" фестивалида қатнашди
Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева Ўмонда бўлиб ўтган "Сўфий мусиқаси" фестивалида қатнашди
МАСКАТ, 22 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева Ўмонда бўлиб ўтган "Сўфий мусиқаси" фестивалида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Шу йилнинг 18-21 январь кунлари ўтказилган мазкур фестиваль Ўмоннинг маданият соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича "Байт аз-Зубейр" хусусий фонди томонидан ташкил этилди. Фестиваль мусиқий ва илмий анжуманлар шаклида ўтказилди.
Фестивалда маҳаллий ва хорижий давлатлар сўфийшунос олимлари, хонандалар ва етакчи маданият арбоблари иштирок этди.
Ўзбекистон қаҳрамони, халқ артисти Муножот Йўлчиева ўз дастурини 20 январь куни тақдим этди. Бир ярим соатдан ортиқ давом этган концертда Алишер Навоий, Фузулий, Фурқат ғазаллари куйланди. Ўзбек мақом санъатининг етук вакиласи ижросидаги миллий ўзбек қўшиқлари мухлисларда катта таассурот қолдирди.
Муножот Йўлчиева ижодий сафари давомида, шунингдек, Маскатдаги ватандошлар билан ҳам учрашди.