Ўзбекистон ва Ўмон тижорат банклари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистон ва Ўмон тижорат банклари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади
МАСКАТ, 25 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Абдусалом Хатамов Ўмоннинг "Oman Arab Bank" директорлар кенгаши раиси ва The Zubair Corporation" корпорацияси раҳбари Рашад аз-Зубейр билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Суҳбат давомида Ўмон томонига Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан 2024 йилда юртимизда ЯИМнинг юқори ўсиш суръатлари қайд этилгани ва ўтган йили мамлакатимизга жалб қилинган инвестициялар ҳақида батафсил сўзлаб берилди.
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида банкларнинг хорижий ҳамкорлар билан алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар таъкидланди.
Рашад аз-Зубейр Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор эканлигини ва муқаддам юртимизга Ўмон делегацияси таркибида ташриф буюрганини билдирди. Унинг айтишича, Ўзбекистон тарихи ва ҳозирги тараққиёт босқичи халқаро майдонда юқори баҳоланади.
Ўмонлик тадбиркорга Ўзбекистон банклари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва юртимиздаги инвестиция лойиҳаларига сармоя киритиш таклифи билдирилди.