Ўмонда “Ўзбек тили дўстлари” клуби ташкил этилади
Мамлакатимизнинг Ўмон Султонлигидаги элчихонасида Араб тажрибаси институти раҳбари Носир бин Муҳаммад ал-Жабрий билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбатдош ўзбек тилига бўлган эҳтиромини изҳор этиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, мамлакатда ўзбек тилида иш юритиш, сўзлашиш ва уни жаҳон ҳамжамиятида кенг тарғиб қилишни янги сифат даражасига кўтариш бўйича саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади.
Унинг таъкидлашича, жорий йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-саммитида давлатимиз раҳбарининг нутқи илк бора ўзбек тилида янграгани фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.
Шунингдек, Н.ал-Жабрий Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг 2018 йилдаги Ўзбекистонга қилган ташрифи давомида Фанлар академиясининг фахрий доктори этиб қабул қилингани мамлакат учун катта шараф эканини билдирди.
Араб тажрибаси институти раҳбари ҳозирда бутун дунёда тарқалган коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ижобий тарафга ўзгариши билан Ўзбекистон билан ҳамкорлик суръатини оширишга тайёрлигини айтди.
Ҳамкорлик доирасида икки мамлакат фуқароларини араб ва ўзбек тилларига ўқитишни ташкил этиш, халқларимиз тарихи, маданияти ва урф-одатлари билан яқиндан таништиришни йўлга қўйиш, ўқитувчилар алмашишни ташкиллаштириш, ўзбек ва араб тилларини ўргатиш бўйича қўлланилаётган дастурлар бўйича тажриба алмашишга келишилди.
Бундан ташқари, учрашувда Ўзбекистон ва Ўмон алоқаларининг ўтмиши ва айни пайтдаги ҳолати бўйича изланишлар олиб бориш, ўзбек тилига бағишланган байрам тадбирларини ташкил қилиш ва элчихона қошида “Ўзбек тили дўстлари” клубини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича келишиб олинди.
Учрашув якунида Н.ал-Жабрийга 5 жилддан иборат бўлган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” тўплами тантанали равишда тақдим этилди.
Маълумот ўрнида, Араб тажрибаси институти замонавий услубда араб тилини ўргатиш билан бирга, араб мамлакатлари урф-одатлари, маданияти ва тарихи тўғрисида маълумотлар беришга ихтисослашган. Институтда интенсив равишда ҳамда меҳнат фаолиятидан ажралмаган ҳолда тил ўқитиш дастурлари ишлаб чиқилган.