Ўмон ахборот агентлиги икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланаётганини қайд этди
МАСҚАТ, 21 август. /«Дунё» АА/. «Oman News Agency» ахборот агентлигида «Ўмон Султонлиги ва Ўзбекистон турли соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилмоқда» сарлавҳали мақола нашр этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, Ўмон Султонлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўзаро қизиқиш уйғотадиган турли соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилиш учун видеоконференцалоқа шаклида сиёсий маслаҳатлашувларнинг олтинчи даврасини ўтказди, шунингдек, қатор минтақавий ва халқаро муаммолар бўйича фикр алмашди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий ва маданий соҳаларда алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам бериш, шунингдек, икки мамлакат савдо алмашинувини фаоллаштиришга қизиқиш билдирилди.
Агентлик материали якунида икки томонлама тадбирда Ўмон томонини ташқи ишлар вазири ўринбосари шайх Халифа бин Али бин Исо ал-Хариси, Ўзбекистон томонини эса ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиков бошқаргани қайд этилган.