"Asdaa Oman" газетаси: 2025 йилда Ўзбекистонда 450 мингта автомобиль ишлаб чиқарилади
МАСКАТ, 3 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўмоннинг оммабоп "Asdaa Oman" газетасида "2025 йилда Ўзбекистонда 450 мингта автомобиль ишлаб чиқариш ва экспортни 700 миллион долларга етказиш мақсад қилинган" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мақолада 25 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевга автомобиль саноатида қилинаётган ишлар ва 2025 йилга мўлжалланган режалар ҳақида ахборот берилгани маълум қилинган.
Қайд этилишича, мамлакат саноатида автомобилсозлик улуши 10 фоизни ташкил этади. Ўтган ўн ойда 338 мингта енгил автомобиль ишлаб чиқарилган. 1 минг 400 турдаги бутловчи қисмлар маҳаллийлаштирилган. Иқтисодий чоралар натижасида соҳада таннарх 4 фоиз камайган. Экспорт 455 миллион доллар бўлган.
Нашрда "Ўзавтосаноат" акциядорлик жамияти раиси олдиндаги режалар ва вазифалар юзасидан ахборот бергани ҳақида хабар қилинган.
"Келаси йил 450 мингта автомобиль ишлаб чиқариш ва экспортни 700 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Ҳудудий корхоналар билан кооперацияни кучайтириб, маҳаллийлаштиришни ошириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилган. Хусусан, 700 та детални ўзлаштириш бўйича 325 миллион долларлик 63 та лойиҳа амалга оширилади", – деб ёзган газета.
"Asdaa Oman" нашри, шунингдек, Жиззахда "BYD" компанияси билан ҳамкорликда электромобил заводи барпо этилгани ҳақидаги маълумотни муштарийлар эътиборига ҳавола қилган.
"Ҳозирда у ерда Chazor ва Song Plus Champion каби машиналар ишлаб чиқарилмоқда. Келгуси йилларда моделлар қаторини кенгайтириш режалаштирилган. Қиймати 300 миллион долларлик иккинчи босқичда электромобиллар сонини йилига 200 минг донага, учинчи босқичда 500 минг донагача етказиш кўзда тутилган", – деб таъкидланган мақолада.