Ўзбекистон элчиси Ўмон дипломатия академиясида ўтказилган анжуманда икки томонлама муносабатлар мавзусида маъруза қилди
Ўзбекистон элчиси Абдусалом Хатамов Ўмон Ташқи ишлар дипломатия академиясида ўтказилган "Ўмон Султонлигининг Марказий Осиё билан ҳамкорлиги" мавзусида давра суҳбатида иштирок этди.
Тадбирда, шунингдек, Ўмон Ташқи ишлар вазирлиги Марказий Осиё департаменти раҳбари Шайх Ахмад ал-Маскарий, Озарбайжон ва Қозоғистон элчилари, академия раҳбарияти, тингловчилар ва бошқалар қатнашди.
Анжуман давомида йиғилганлар эътиборига Ўзбекистоннинг туризм, хусусан зиёрат туризм салоҳиятига бағишланган видеороликлар намойиш этилди. Мамлакатимиз элчиси ўз маърузасида Ўзбекистон – Ўмон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўзлаб берди. Бўлажак тадбирлар ва икки томонлама иқтисодий, сиёсий, маданий ва академик алоқаларни ривожлантириш бўйича таклифларга эътибор қаратилди.
Давра суҳбатида Озарбайжон ва Қозоғистон элчиларининг Ўмон билан икки томонлама алоқалари хусусидаги маърузалари ҳам тингланди.