Ўзбекистоннинг Ўмондаги Элчихонаси ташаббуси билан 25-28 февраль кунлари Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова бошчилигидаги Ўзбекистон тадбиркор аёллари делегациясининг Ўмонга бизнес миссияси ташкил этилди.
Ўзбекистоннинг Ўмондаги Элчихонаси ташаббуси билан 25-28 февраль кунлари Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова бошчилигидаги Ўзбекистон тадбиркор аёллари делегациясининг Ўмонга бизнес миссияси ташкил этилди.
Сафар давомида Ўзбекистон-Ўмон тадбиркор аёллари бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда текстиль, электросаноат, дизайнерлик, туризм, молия, ҳунармандчилик, хусусий мактаб таълими йўналишларида фаолият олиб бораётган мамлакатимизнинг етакчи тадбиркор аёллари иштирок этди.
Форум давомида Ўзбекистон-Ўмон ишбилармон аёллари ўртасида шерикликни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегация вакиллари ўз фаолиятларига доир тақдимотлар ўтказдилар.
Форум доирасида икки мамлакат ишбилармон хотин-қизлари ўртасида В2В шаклидаги учрашувлар ташкил этилди. Унда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича бир қатор келишувларга эришилди.
Сафар доирасида делегация раҳбари Нодира Шотурсунова Ўмон Савдо-саноат палатаси президенти Шайх Файсал ал-Раввос билан учрашув ўтказди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Ўмон Савдо-саноат палаталари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг иккинчи чорагида Ўмон тадбиркор аёлларнинг Тошкентга бизнес миссияни ташкил этиш ва унинг доирасида бизнес-форум ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланди.