Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Ўмон ва Самарқанд шаҳридаги йирик сайёҳлик компаниялари вакиллари ўртасида онлайн учрашуви ўтказилди.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон элчиси Абдусалом Хатамов, Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Эркин Ражабов, машҳур ўмонлик саёҳатчи Носир ал-Ниъманий қатнашди.
Самарқанд шаҳар туризм бошқармаси вакиллари ҳудуднинг сайёҳлик имкониятларига оид тақдимот ўтказишди. Унда Самарқандда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хорижий сайёҳларга таклиф этилаётган янги йўналишлар, ҳудуднинг зиёрат туризми имкониятлари юзасидан тўлиқ маълумот берилди. Шундан сўнг, ушбу қадим кент ҳақидаги видеороликлар намойиш этилди.
Мулоқот давомида икки мамлакат компаниялари ходимлари ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб беришди. Шунингдек, Ўмондан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича қандай ишларни амалга ошириш, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш тўғрисида фикр мулоҳазалар тингланди.
Томонлар Ўмон сайёҳлик компаниялар вакиллари учун Самарқандга тур ташкил этишга келишиб олдилар.