Ўмоннинг марказий "ал-Руъя" газетасида "Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – мерос ва билимни мустаҳкамловчи маданий ёдгорлик" сарлавҳали мақола чоп этилди.
Мақолада Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бунёд этилаётган мазкур иншоотни барпо этишдан мақсад – ўзбек халқининг бой меросини асраб-авайлаш ва бутун дунёга тарқатиш, маърифий-маданий жабҳада ўзаро мулоқотни ривожлантириш учун муҳим майдон яратиш эканлиги таъкидланган.
"Марказ биноси ўзбек анъанавий архитектурасини ва замонавий технологияларни ўзида уйғунлаштирган. Улкан майдонни эгаллаган мазкур бетакрор обида уч қаватдан иборат бўлиб, тўрт асосий кириш йўлакларига эга", – дейилади нашрда.
Ўмон босма нашри маълум қилганидек, марказнинг биринчи қаватнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилган. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилди. Шунингдек, бу ердан ислом цивилизациясига катта ҳисса қўшган ўзбек халқининг улуғ аждодлари тўғрисидаги муҳим маълумотлар ўрин олган. Марказда ноёб археологик топилмаларга эга бой музей ва минглаб китоблар ва қўлёзмалардан иборат улкан китобхона бор.
"Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказининг бош ғояси ислом таълимотининг замини – илм-фан, маданият, таълим ва тарбиядир. Бундан ташқари, мажмуа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ўтказиш, олимлар ўртасида маданий алмашинувни ривожлантириш майдони бўлиб хизмат қилади", – деб ёзилган "ал-Руъя" газетасида босилган мақолада.