БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан Ўрмонзорлаштириш ва ўрмон тиклаш декадаси ҳақидаги резолюцияни қабул қилди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан “Барқарор ўрмон хўжалиги асосида ўрмонзорлаштириш ва ўрмон тиклаш бўйича ҳаракатлар декадаси” номли резолюцияни қабул қилди.
Резолюция ҳаммуаллифлари 80 дан ортиқ давлат бўлиб, улар дунёнинг барча минтақаларини, жумладан Марказий Осиё давлатларини ҳамда Озарбайжон, Россия, Бразилия, Австрия, Германия, Финляндия, Португалия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, БАА, Қатар ва Баҳрайнни ўз ичига олади.
Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Президентининг асосий ташаббуслари, жумладан “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йили” давлат дастури, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва “Марказий Осиё “яшил” камар” дарахт экиш акцияси асосида яратилган.
Резолюция 2027-2036 йилларни Ўрмонзорлаштириш ва ўрмон тиклаш ҳаракатлар декадаси деб эълон қилади, куч ва ресурсларни мобилизация қилишга чақиради, шунингдек, давлатлар ва ташкилотларга тегишли чора-тадбирларни кучайтиришни тавсия этади.