“Глобус” лойиҳасида Ўмон Султонлигидаги “Саёҳат ва туризм учун юлдузлар” ширкати раҳбари Мажид Мониъ Холид Ал-Яҳёий мулоҳазалари.
“Глобус” лойиҳасида Ўмон Султонлигидаги “Саёҳат ва туризм учун юлдузлар” ширкати раҳбари Мажид Мониъ Холид Ал-Яҳёий мулоҳазалари.
– Самарқандга саёҳатим мазмунан жуда бой ўтди. Вақт машинасида эртаклар оламига – сеҳрли диёрга тушиб қолгандек бўлдим. Ўзбекистонга илк сафарим давомида кўҳна кентнинг гўзал ва бетакрор манзиллари – буюк давлат арбоби, саркарда Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда мажмуасини томоша қилиб, батафсил маълумотга эга бўлдим. Айниқса Имом Ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасида қалбимни чулғаган мунаввар ҳиссиётни сўз билан таърифлай олмайман.
Самарқандда ўз соҳасини юксак санъат даражасига кўтарган уста ҳунарманд сулолалар вакиллари билан ҳам учрашдим. Гўзал, бетакрор асарларнинг яратилиш жараёни билан яқиндан танишдим.
Яна бир манзил – Фарғона азалдан сўлим табиати, меҳмондўст одамлари билан донг таратган гўзал маскан. Бу замин соҳибларининг меҳнаткашлиги, яратувчанлиги, одамохунлиги ҳар қандай хорижлик сайёҳни ҳайратга солади.
Шаҳарда бунёд этилган замонавий санъат саройи, сузиш ҳавзаси ва марказий стадионда бўлдим. Алишер Навоий, Мустақиллик, Юксалиш кўчалари бўйлаб чўзилган гулзор, мусиқали ва рангли фавворалар, ҳар бир бинонинг ўзгача дизайни атрофга ўзгача чирой бахш этиб турибди.
Менимча, сайёҳлик йўналишида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш яхши фойда беради. Мамлакатнинг бой туризм салоҳияти ҳамда соҳани янада ривожлантириш йўлида олиб борилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар сармоядорлар диққатини тортиши шубҳасиз. Ўмоннинг аксар аҳолиси юртингизни асосан китоблар орқали билади. Шу боис биз ижтимоий тармоқнинг араб тили сегментида жаҳонга машҳур шаҳарлар орқали республиканинг улкан сайёҳлик имкониятини тарғиб қилувчи ахборот ҳажмини оширишга шаймиз. Бундай лойиҳалар араб дунёси мамлакатлари, жумладан Ўмон фуқароларининг Ўзбекистонга оқимини тезлаштириши тайин.