Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатия академиясида Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирлиги ёш дипломатлари учун малака ошириш курси очилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ТИВ, ЖИДУ ва Академия раҳбарияти, шунингдек Ўмон вакиллари, ушбу араб давлатининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вафо Жабр Носир Ал-Бусаидий иштирок этди.
Академик ишлар бўйича биринчи проректор Акрам Умаров сўнгги йилларда икки томонлама алоқа изчил ривожланиб, янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади.
Умуман, мазкур курс ўзаро дипломатик муносабат тарихида янги саҳифа очиши баробарида ўмонлик ёш дипломатларга халқаро майдонда самарали фаолият юритиш, Марказий Осиё ва Ўзбекистон ҳақида чуқур билим, амалий кўникма эгаллаш имконини яратади.
– Белгиланган мақсадларга эришиш йўлида муваффақиятли ҳамкорлик қилишимизга ишонаман, – дейди А.Умаров.
Ўмон элчиси ўз чиқишида алоқалар мустаҳкамланиши дипломатлар учун чексиз илҳом манбаи эканини таъкидлади:
– Дипломатик алмашинув дастури ишлаб чиқилиши халқаро муносабатлар истиқболига ижобий таъсир кўрсатувчи муҳим омилдир.
Ўмон ТИВ Форс кўрфази давлатлари ва минтақавий қўшничилик ишлари департаменти раҳбари Аҳмад Ҳошил Рашид Ал Маскарий иштирокчиларни қутларкан, бундай лойиҳалар ёш дипломатлар учун муҳим аҳамият касб этиши, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
17 майга қадар давом этадиган машғулотларга университет ва академиянинг етакчи профессор-ўқитувчилари жалб этилган. Курс якунида Ўзбекистон – Ўмон муносабатлари истиқболи мавзусида давра суҳбати уюштирилади.