Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун ташриф билан мамлакатимизга келган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипраис билан учрашди.
Ташқи ишлар вазирлигида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипраис жанобларини қутлашдан мамнунмиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Яқинда Самарқандда бўлиб ўтган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммити ҳар икки минтақа халқлари манфаатлари йўлида фойдаланишимиз мумкин бўлган салоҳият нақадар кенг эканлигини яна бир бор кўрсатди.
Учрашувимиз давомида таълимдан "яшил" энергиягача барча соҳаларни қамраб олган динамик ривожланаётган алоқаларимизни ҳамда долзарб минтақавий ва глобал масалаларни муҳокама қилдик. Ҳамкорлик имкониятларини янада кенгайтириш йўлида биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олдик".
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги тайинланган махсус вакили катта тажрибага эга латвиялик дипломатдир. У Латвиянинг Европа Иттифоқидаги доимий вакили, шунингдек, Давлат котиби ўринбосари – Латвия Ташқи ишлар вазирлигининг сиёсий директори лавозимларида ишлаган. 2016-2020 йилларда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегациясини (элчихона) бошқарган.
Эдуардс Стипраис 2025 йилнинг 1 март санасида 2021 йилдан буён Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили лавозимида ишлаб келган ва 2024 йил охирида ўз миссиясини якунлаган Терхи Хакала ўрнига тайинланди.
Европа Иттифоқининг янги махсус вакилининг асосий вазифаси Марказий Осиё давлатлари билан умумий қадриятларга асосланган муносабатларни ривожлантириш, минтақа давлатлари ўртасида барқарорлик ва ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, демократия, қонун устуворлиги, яхши бошқарувни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига ҳурматни мустаҳкамлашдан иборат.