Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Масқат университети раҳбарияти билан учрашдилар.
Унда жорий йил 15 апрель куни Бухоро вилояти делегациясининг мазкур университетга амалга оширган ташрифи давомида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўмон томонига 2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Самарқанд шаҳрида ўтказилиши, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида сўзлаб берилди.
Ўзбекистон Президентининг "2025-2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, Ўмон фуқаролари 1 июнь санасидан бошлаб мамлакатимизга 30 кунгача визасиз қолишлари мумкинлиги маълум қилинди.
Учрашув якунида Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг араб тилида қайта нашр этилган "Бобурнома" асари университет кутубхонасига тақдим этилди.
Мазкур китоблар университет раҳбарияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. Хусусан, Масқат университетининг Маъмурият ва молия масалалари директори Доктор Қайс Ал Рубои юртимиздан кўплаб алломалар етишиб чиққанини ва уларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси улкан эканлигини алоҳида қайд этди. У, шунингдек, мазкур университет Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни жадаллаштиришдан манфаатдорлигини билдирди.