Ўзбекистоннинг Ўмондаги Элчиси Абдусалом Хатамов "Асрлар оша Ўмон тарихи" музейи раҳбари ал-Яқзан бин Абдуллоҳ ал-Ҳарисий билан учрашув ўтказди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон-Ўмон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, тарихий ва диний-маърифий меросни ўрганиш соҳасида тажриба алмашиш ҳамда ушбу жабҳаларда қўшма лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мамлакатимиз дипломатик миссияси раҳбари юритимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ва уни барпо этиш ғояси ҳақида сўзлаб берди.
Мулоқот якунида, "Асрлар оша Ўмон тарихи музейи" ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.
"Асрлар оша Ўмон тарихи" музейи Ўмоннинг сўнгги йиллардаги энг йирик маданий лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Мазкур маърифий маскан Ўмоннинг марҳум султони Қобус бин Сайид ташаббуси билан барпо этилган. Музей Ўмоннинг қадим замонлардан то бугунги кунгача бўлган бой тарихи, маданияти ва давлатчилик эволюциясини кенг тарғиб қилишга бағишланган. Мажмуа замонавий мультимедиа технологиялари, кенг кўламли экспозициялар ва таълим масканларини қамраб олади.