Ўмоннинг "Asdaa Oman" газетасида Ўзбекистон туризм қўмитаси раиси Умид Шодиевнинг юртимиз сайёҳлик салоҳияти ва бўлажак туризм форумлари ҳақидаги мақоласи чоп этилди.
Мақолада мамлакатимиз ташқи туризмини ривожлантириш, айни йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги фаол сиёсат доирасида жорий йил 6-10 июль кунлари араб давлатларида қатор йирик тадбирлар ташкил этилаётганига урғу берилган.
Ўмон, Кувайт, Баҳрайн ва Қатарда бўлиб ўтадиган "Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси" сайёҳлик форуми алоҳида таъкидланган.
"Форумнинг мақсади Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, йирик хорижий туроператорлар, инвесторлар ва давлат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатишдир, – деб ёзган қўмита раиси. – Тадбир доирасида "B2B2 ва "G2B" форматларда учрашувлар ташкил этилади".
Қайд этилишича, форум дастурига мувофиқ назарда тутилган тадбирлар бир неча асосий мавзу ва йўналишларни қамраб олади. Асосийси, ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар, маънавият ва маданий йўллар, пазандалик саёҳати, экологик ва тоғли йўналишлар диёримизнинг ноёб манзилларини намойиш этади. Қисқаси, Ўзбекистоннинг сайёҳлик таклифлари тақдимоти сайёҳлар эътиборига тўлақонли ҳавола этилади, деб таъкидланган.
Муаллифга кўра, тадбирларнинг илк бекати сифатида Ўмон танлангани бежиз эмас. Зеро, Султонлик бой маданият, анъаналарга чуқур ҳурмат ва модернизацияга тинимсиз интилиш йўлини танлаган. Мамлакатни Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонга маърифий, маънавий ва тиббий туризм йўналиши сифатида жалб этиш доимий қизиқиш уйғотади.
Мақола "Road Show" модели Ўзбекистоннинг очиқ, меҳмондўст, замонавий ва хавфсиз мамлакат сифатидаги ижобий имижини миллий ва минтақавий оммавий ахборот воситалари орқали Ўмондаги кенг аудиторияга етказади. Ишончимиз комилки, туристик йўналиш имижини шакллантиришда пухта ўйланган медиа стратегия муҳим аҳамият касб этади. Ўмонда бўлажак тадбирлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида туризм оқимини тезлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилади",– деган сўзлар билан якунланган.