Ташриф билан Хитойда бўлиб турган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Тяньжин шаҳрида ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этди.
"Бугун тарихий Тяньжин шаҳрида ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Хитойнинг муваффақиятли раислигини ва кўрсатилган самимий меҳмондўстликни юксак қадрлаймиз. Бўлажак Давлат раҳбарлари саммитида қабул қилинадиган ШҲТ–2035 Ривожланиш стратегияси, Тяньжин декларацияси ҳамда савдо, транспорт ва хавфсизлик соҳаларидаги амалий ташаббуслар кенг минтақамиз фаровонлиги йўлида хизмат қилишига ишонамиз.
Глобал чақириқлар ортиб бораётган бугунги шароитда ШҲТ оиласидаги бирлик ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Ўзбекистон барча аъзо давлатлар билан тинч, фаровон ва ўзаро боғлиқ келажак сари фаол ҳамкорлик қилишга тайёр".