Ўмоннинг оммабоп "Asdaa Oman" газетасида Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати аъзоси Жамила Бобоназарова қаламига мансуб "Янги Ўзбекистон ўзининг 34 йиллик мустақиллиги бўсағасида" сарлавҳали мақоласи чоп этилди.
Муаллиф Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида давлатчилик асослари мустаҳкамланганини, тинчлик, миллатлараро тотувлик ва қонун устуворлиги таъминланганини таъкидлаган.
"Янги Ўзбекистон шароитида мамлакат иқтисодиёти жадал ривожланиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 110 миллиард доллардан ошди. Хусусан, 2024 йилда ўзаро Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми 6,4 миллиард долларни ташкил этиб, ўсиш 5,2 фоизга етди. Мамлакатда ЕИ мамлакатлари иштирокидаги 1000 дан зиёд корхона таъсис этилиб, инвестициялар умумий ҳажми 30 миллиард еврони ташкил қилмоқда" – дейилган мақолада.
Нашрда, шунингдек, АҚШ, Хитой, Россия, Туркия ва қўшни мамлакатлар билан стратегик ҳамкорлик кенгаяётганига алоҳида урғу берилган.
2025 йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсиш 6,8 фоиз, бозор хизматлари 13,5 фоиз, саноат 6,3 фоиз, қурилиш 9,7 фоиз ва қишлоқ хўжалиги 4 фоизга ўсганди. Экспорт ҳажми эса 16,9 миллиард долларга етиб, янги 1 557 экспортчи корхона 650 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарган.
"Сиёсий ва иқтисодий дипломатия орқали Ўзбекистон халқаро майдонда фаол ва тенг ҳуқуқли иштирокчи сифатида тан олинмоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга "Олий Даражали Дўстлик" ордени топширилиши эса мамлакатнинг тинчлик ва ҳамкорлик йўлидаги изчил ҳаракатларини эътироф этади", – деб ёзилган мақолада.