Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўмоннинг "Asdaa Oman" газетасида Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди.



Ўмоннинг "Asdaa Oman" газетасида Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев қаламига мансуб ушбу мақолада Ўзбекистоннинг туризм соҳаси жадал суръатлар билан ўсиш суръатини бошдан кечираётгани қайд этилади. Ўзбекистонда Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа маданий дурдоналарни кашф этаётган сайёҳлар сони ортиб бормоқда ва ҳукумат бу соҳани миллий иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчиси деб ҳисоблаб, уни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда.

"Биргина 2025 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистонга 7,5 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан ўсишда давом этмоқда. Бу натижа мамлакатнинг жаҳон туризм харитасида изчил юксалиб бораётганини кўрсатиб, инфратузилмани ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш, маданий меросни асраб-авайлаш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бера бошлаганидан далолат беради", – деб ёзган муаллиф.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда туризм ривожи халқаро ҳамкорлик туфайли ҳам яхшиланмоқда. 1993 йилдан буён мамлакатнинг "БМТ-Туризм" ташкилоти (Бутунжаҳон туризм ташкилоти) билан ҳамкорлиги Ўзбекистоннинг жаҳон туризмининг етакчи кучига айланишида муҳим роль ўйнади.

Ўзбекистон бошиданоқ нафақат иштирок этишга, балки халқаро туризм сиёсатини шакллантиришда етакчи ўрин эгаллашга интилди. Бу Самарқанд декларацияси (1994), Хива декларацияси (1999), Бухоро декларацияси (2002) каби муҳим ҳужжатларни таклиф қилиш ва қабул қилишнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлди. Бу ташаббуслар, хусусан, тарихий Ипак йўли бўйлаб сайёҳликни қайта тиклаш ва тарғиб қилиш учун мустаҳкам замин яратди ҳамда минтақанинг ноёб маданий меросини асраб-авайлаш муҳимлигига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратишга ёрдам берди.

"Ўтган бир неча йил ичида Ўзбекистоннинг ташаббуслари кенгайиб, халқаро миқёсда кенг эътирофга сазовор бўлди. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилди. Бу БМТга аъзо 80 дан ортиқ давлат томонидан қўллаб-қувватланган мамлакат ташаббусларининг эътирофи бўлди. Ўзбекистон, шунингдек, ушбу соҳада халқаро стандартларни ўрнатишга қаратилган Хавфсиз туризмнинг глобал хартиясини яратишни таклиф қилди. Ушбу ташаббусни амалга ошириш учун ҳукуматлараро қўмита тузилиб, Ўзбекистон бир овоздан унинг раислигига сайланди", дейилган нашрда.

Ўмон ОАВ маълум қилганидек, 2025 йил февраль ойида Ўзбекистон саёҳатчилар ҳуқуқлари ва замонавий хавфсизлик стандартларига содиқлигини тасдиқлаган ҳолда Туристларни ҳимоя қилиш халқаро Хартиясига расман қўшилди.

"БМТ-Туризм" ташкилоти билан ҳамкорлик туризмни ривожлантиришнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Бу жиҳатлардан энг муҳими маданий меросни асраб-авайлаш ва тарғиб қилишдир. "Ипак йўли" дастури доирасида Ўзбекистон ташкилотнинг асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, мамлакатда кадрлар салоҳиятини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Самарқандда Халқаро туризм академияси ташкил этилган бўлиб, у қисқа ва узоқ муддатли ўқув дастурларини таклиф этади.

"Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро тадбирлар "БМТ-Туризм" ташкилоти билан ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. 2023 йил октябрь ойида Самарқанд шаҳрида 140 дан ортиқ давлат вакиллари иштирокида бўлиб ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессияси шулар ичида энг эътиборлиси бўлди", – дея урғуланган материалда.

"Asdaa Oman" газетасида босилган мақола "Бу ютуқлар Ўзбекистон халқаро туризм соҳасида етакчилардан бирига айланганидан далолатдир. Мамлакат нафақат ички туризм соҳасини ривожлантирмоқда, балки бутун дунё бўйлаб янги стандартлар ва қадриятларни шакллантиришга ҳам ҳисса қўшмоқда. Келгуси йилларда "БМТ-Туризм" ташкилоти билан ҳамкорликда янги ташаббуслар йўлга қўйилиши билан бирга, Академиянинг таълим дастурлари кенгайиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг тарихий мерос, замонавий инфратузилма ва халқаро етакчиликни ўзида жамлаган йирик сайёҳлик маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди" – деган сўзлар билан якунланади.



  ...