Ўмоннинг "Asdaa Oman" газетасида "Ўзбекистон ва БМТ кенг қамровли ҳамкорликни кенгайтирмоқда" сарлавҳали мақола чоп этилган.
Мақолада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказгани маълум қилинган.
Таъкидлангандек, Ўзбекистон Президенти ва БМТ Бош котиби учрашув давомида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
"Ўзбекистон ва БМТ шериклигида мисли кўрилмаган юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. 160 дан ортиқ дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Октябрь ойида беш йилга мўлжалланган янги Ҳамкорлик дастури имзоланиши кутилмоқда", – дейилган мақолада.
Нашрда маълум қилинганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинди. Ўзбекистон ЭКОСОС Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита, Статистика комиссияси каби нуфузли тузилмаларга аъзо этиб сайланди.
"Антониу Гутерриш Ўзбекистон Президентининг Бош Ассамблеянинг юбилей сессиясидаги нутқига юксак баҳо бериб, унинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Янги Марказий Осиёни шакллантириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, ёшлар, маърифатпарвар ислом дини ва бошқа соҳаларда глобал ҳамкорликни илгари суриш борасидаги ташаббуслари муҳимлигини алоҳида таъкидлади", – дея урғуланган манбада.
"Asdaa Oman" газетасида босилган мақола "Учрашув якунида устувор йўналишларда кенг кўламли шерикликни ривожлантириш, ҳамкорликнинг янги дастур ва лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олинди", – деган сўзлар билан якунланган.