
Бош қомусимиз – Ўзбекистоннинг ишонч, барқарорлик ва келажак пойдевори
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни. Бу сана мамлакатнинг замонавий тарихида алоҳида ўрин тутади. Боиси айнан 1992 йилда қабул қилинган Конституция мустақиллик, ҳуқуқий тартиб ва давлатнинг демократик ривожланиши учун фундаментал асос бўлиб хизмат қилди. У ёш республика тараққиётининг асосий йўналишини белгилаб берди, давлат тузилишининг муҳим тамойилларини мустаҳкамлади ҳамда очиқ, тинчликсевар ва инсонпарвар жамият қуришнинг стратегик йўлларини кўрсатиб берди.
Конституция суверен Ўзбекистонни шакллантириш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий асосни яратган ҳал қилувчи ҳужжат бўлди. Унда давлат келажагининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий модели белгилаб қўйилди. Бу модель демократик тамойиллар, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва шахс эркинлиги принципларига асосланди.
Бош қомусимизнинг қабул қилиниши мустақилликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиб, сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди.
1992 йил 8 декабрда Конституция Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши сессиясида расмий равишда қабул қилиниб, мустақил давлатнинг асосий қонуни мақомига эга бўлди.
Жамиятнинг жадал ривожланиши, фуқароларнинг ортиб бораётган эҳтиёжлари ва замонавий демократик стандартларни жорий этиш зарурати Конституцияни тубдан янгилашга асос бўлди. Янги тараққиёт босқичи — Янги Ўзбекистон даври сиёсий, ижтимоий ва ҳуқуқий кафолатларни сезиларли даражада кенгайтиришни тақозо этди. Шу боис 2023 йилда ўтказилган кенг кўламли конституциявий ислоҳот мамлакат тарихида муҳим воқелик бўлди.
Конституциянинг янги таҳририни тайёрлаш жараёни ҳам кенг жамоатчилик муҳокамаси шаклида ўтди. Фуқаролардан 222 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди, бу эса жамоатчиликнинг мисли кўрилмаган даражадаги кенг иштирокни намойиш этди. Ташкил этилган комиссиялар ва эксперт гуруҳлари аҳолининг ташаббусларини батафсил ўрганиб чиқди. Улардан энг талабгир ва долзарблари эса янги Конституция матнига киритилди. Бу жараён Ўзбекистон Конституциясининг ҳақиқий халқ Конституцияси эканини — жамиятнинг бевосита иштирокида яратилган ҳужжат сифатида яққол тасдиқлади.
2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда миллионлаб фуқароларнинг фаол иштирок этгани, халқ иродаси ва коллектив танловининг ҳал қилувчи тасдиғи бўлди. Йирик халқаро ташкилотлар ва кўплаб давлатларнинг фуқаролик институтлари вакилларидан иборат кузатувчилар миссияси жараённинг юқори шаффофлик ва легитимлигини таъминлади. Овоз бериш натижаларига кўра, Конституциянинг янги таҳрири референдум иштирокчиларининг катта қисми томонидан қўллаб-қувватланди ва 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга кирди.
Янгиланган Конституция мамлакатни янада демократлаштириш йўлида муҳим қадам бўлди. Унда давлат бошқаруви ва инсон ҳуқуқларига оид янги ёндашувлар, ижтимоий ва шахс ҳимоясини таъминлаш механизмлари мустаҳкамланди. Моддалар сони 128 тадан 155 тага, боблар сони 26 тадан 27 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага кўпайди. Натижада Конституциянинг 65 фоиздан ортиқ қисми янгиланди.
Энг муҳим ўзгаришлардан бири — Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатидаги мақомининг конституциявий даражада мустаҳкамланиши бўлди. Шунингдек, Конституцияда қуйидаги янги ижтимоий мажбуриятлар ўз аксини топди: аҳолига арзон уй-жой тақдим этиш, муносиб ҳаёт даражасига мос минимал иш ҳақини белгилаш, аҳолининг энг ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш кафолатлари, тиббий хизмат сифатини ошириш. Бу нормалар адолат, тенг имконият ва инсон шаъни каби замонавий тамойилларнинг ифодаси бўлди.
Таҳрирланган Конституцияда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш кафолатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Жумладан, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, ўлим жазосининг бекор қилиниши, суд қарорисиз қамоқда сақлаш муддатининг 48 соатдан ошмаслиги каби нормалар жорий этилди. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги кучайтирилди, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлик даражаси оширилди. Ушбу ўзгаришлар қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлашда муҳим аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, мазкур ислоҳотлар доирасида ташқи сиёсат соҳасидаги янги тамойиллар ҳам конституциявий даражада мустаҳкамланди. Бу Янги Ўзбекистоннинг очиқлик, яхши қўшничилик ва глобал жараёнларда фаол иштирок этишга қаратилган сиёсий принципларини ифодалайди. Халқаро шартномаларнинг ички қонунчиликдан устунлиги конституциявий жиҳатдан белгиланди. Бу ўз навбатида, Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқий майдонга интеграциялашувини кучайтиради ва миллий қонунчиликнинг халқаро стандартларга мос келишини таъминлайди.
Ташқи сиёсатга оид нормалар минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодий дипломатияни кенгайтириш ва глобал чақириқларга фаол жавоб бериш йўлидаги саъй-ҳаракатларни ўзида акс эттиради. Бу эса Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг мустаҳкам институционал асосга эга бўлганини ва мамлакатнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётганини кўрсатади.
Бугунги кунда Ўзбекистон давлат бошқарувини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини мустаҳкамлаш, инсон капиталини ривожлантириш ва иқтисодий ўсиш йўлида дадил қадам ташламоқда. Янгиланган Конституция бу жараённинг барқарорлигини таъминлайди. Ҳар бир фуқарода ўз келажаги, адолат ва ватан тараққиётига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.