
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ МАЪРИФИЙ СИЁСАТИ МИНТАҚАДА ЯНГИ УФҚЛАРНИ ОЧМОҚДА
Биз халқимизнинг энг бахтли фарзандларимиз. Жадид боболаримиз орзу қилган кунларни кўриш, улар истаган келажакни яратиш бизга насиб этмоқда. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви доирасидаги тадбирлар давомида бунга яна бир марта амин бўлдим.
Кейинги йилларда Марказий Осиё дунё сиёсий харитасида янгича қиёфа касб этди. Бугун минтақа давлатлари рақобатчи эмас, ҳамкор, тараққиёт йўлида биргаликда бораётган ишончли иттифоқчилар экани эътироф этилди. Шу боис бошқа минтақалар, қудратли давлатлар биз билан ҳисоблашиб, келажагини Марказий Осиё руҳи билан уйғун ҳолда кўрмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки, халқаро майдонда турли зиддиятлар, фақат моддий манфаатларни илгари суриш авж олди. Ана шундай бир вазиятда Президентимизнинг сиёсий иродаси, оқилона қарорлари билан минтақамизда мутлақ янги, халқимизга хос бағрикенглик сиёсати устуворлик касб этди. Бундан бутун марказий осиёликлар қувонмоқда. Негаки, халқларимиз бир-бири билан қўшни, қуда-анда, қувончи ва қайғуси бир эл бўлиб яшаган.
Президентимиз Марказий Осиё руҳини уйғотишда, аввало халқларимизни янада яқинлаштириш йўлидан борди. Муносабатларни янги босқичга чиқаришда адабиёт, санъатнинг кучидан оқилона фойдаландик. Хусусан, мамлакатларимиз маданият вакиллари ўртасида турли тадбирлар, фестиваллар уюштирилди. Давлат раҳбарлари ташрифлари доирасида санъат, маданият намояндаларининг чиқиши, катта концертлар қўйилиши одатий тусга айланди.
Президентимиз ҳамкасбларига китоб совға қилишни анъанага айлантирди. Очиғи ўша вақтда биз буларни фақат маданий алоқалар доирасидагина тушунганмиз. Даврнинг ўзи кўрсатяптики, Президентимиз танлаган йўл халқларнинг юрагига кириб бориш йўли экан!
Зеро, Марказий Осиё халқлари Ҳазрат Навоийни ўзининг аждоди деб билади. Худди шунингдек, биз ҳам Жомий, Фузулий, Махтумқули, Абайни худди Бобур жаноблари ёки Алишер Навоий каби яхши кўрамиз. Манас достонини ўзимизнинг эпослардай қадрлаб, Айтматов асарларини ҳаммадан кўра кўпроқ ўқиймиз. Мана шунинг ўзиёқ халқларимиз асрлар давомида эт ва тирноқдай яшаб келганини англатади. Давлатимиз раҳбари шу каби муҳим жиҳатларни давлат сиёсати даражасига олиб чиқди. Бу эса халқларимиз қалбига йўл очди. Натижада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви тарихий воқеаларга бой ўтди. Муҳими, унинг якуни бўйича, минтақа келажаги учун жуда муҳим қарорлар қабул қилинди.
Хусусан, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси қабул қилинди. Бугунги глобал дунёда хавфсизлик жуда муҳим аҳамиятга эга. Бундай вазиятда якка ҳолатда ривожланиб бўлмайди. Тинчлик бор жойда барқарорлик ҳам бўлади. Шу боис янги Марказий Осиё халқаро майдонда тинч ва барқарор ҳудуд сифатида кўрилмоқда. Минтақамизда нафақат табиий бойликлар, иқтисодий ресурслар, балки инсон капитали ҳам етарли даражада. Дунёнинг турли нуқталарида ўзаро низолар, иқтисодий божлар авж олаётган бир пайтда Марказий Осиё барқарорликни сақлаб қолиши бошқалар учун нажот кемаси бўлиб кўринаётгани ҳам рост.
Ана шу барқарорликни сақлаб қолиш, унинг имкониятларидан фойдаланиб иқтисодий ўсишга эришиш осон эмас. Буни Президентимизнинг иш режимини синчковлик билан кузатган ҳар бин инсон тўғри англайди. Чунки, давлатимиз раҳбари куну тун халқаро алоқаларни мустаҳкамламоқда. Дунё минбаридан туриб, нафақат миллий балки умуминсоний манфаатларини илгари суряпти. Ҳар қандай зиддият ва баҳсларни тинч, дипломатик усулда ҳал этишга чақирмоқда.
Ана шу чақириқлар, интилиш ва ташаббуслар бугун Марказий Осиё руҳини уйғотди. Бутун бир минтақа бир бўлиб хавфсизлик ва барқарорликни сақлашда якдил қарор қабул қилди. Президентимиз таъбири билан айтганда, кучимиз — бирликда, муваффақият сари йўлимиз — дўстлик ва ҳамкорликда эканини теран англадик.
Сўнги йилларда “Марказий Осиё плюс” форматидаги муносабатлар кучайди. Минтақамиз халқаро майдонда ягона позицияни намоён этмоқда. Айни пайтда жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциялашяпти. Инвестициявий жозибадорлик ошиб, учинчи бозорларга экспорт имкониятлари кенгаймоқда, транзит салоҳияти ўсмоқда. Масалан, ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 10,7 миллиард АҚШ долларига етди. Минтақамизга киритилган инвестициялар умумий ҳажми 17 фоизга кўпайди.
Иқтисодий муносабатларни янада ошириш, ҳар сонияда ўзгараётган, олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган геосиёсий жараёнларни тўғри баҳолаш долзарб масала. Шу маънода Маслаҳат учрашувида Марказий Осиё хавфсизлигига хатарларнинг каталоги ва уларнинг олдини олиш бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган чоралар белгилаб олингани қувонарли.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви Президентмиз ташаббуси билан ташкил этилган эди. Унинг еттинчи Маслаҳат учрашувига давлатимиз раҳбари раислик қилди. Ушбу даврда ҳамкорлигимиз ниҳоятда самарадор бўлди. Ҳамкорлик салоҳиятини янада ошириш мақсадида 20 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди. Бош вазир ўринбосарлари даражасида минтақалараро ҳамкорлик форуми иши йўлга қўйилди. Шунингдек, илк бор вазирлар йиғилишлари ўтказилди. Хусусан, геология, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология ва маданият вазирлари йиғилишлар ўтказди.
Шу каби жиҳатлар сабаб Маслаҳат учрашувининг янги даври бошланди, дейишга ҳақлимиз. Биргина мисол, энди Маслаҳат учрашувига аъзо давлатлар ҳар бир соҳа бўйича алоҳида, индивидуал ҳамкорлик қилади. Бунга вазирлар даражасидаги учрашувларда яна бир карра амин бўлдик.
Ислом цивилизацияси марказида «Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак» мавзусидаги халқаро конгресс доирасида Марказий Осиё ва Озарбайжон маданият вазирлари билан илк бора учрашув ўтказдик. Унда кўп томонлама ҳамкорликнинг турли масалалари кўриб чиқилди. Маданият ва санъатнинг турли йўналишларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик. Минтақавий маданий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, истиқболдаги режалар ҳақида фикр алмашдик.
Халқларимиз орасида битта умумийлик бор. Бу ҳам бўлса, оқсоқоллар, эл назарига тушган инсонларга бошқалар кўпроқ қулоқ тутади. Уларга эргашади. Айнан шу жиҳат бизнинг бошқа минтақаларга ўхшамайдиган ўзига хос кучимиз ҳисобланади. Шу боис келгусида маданият арбоблари ўртасида маданий алмашинувни кенгайтириш ҳақида ҳаётий масалалар ўртага ташланди. Натижада, минтақавий маданий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришдик.
Халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Тан олиш керак, инсон руҳиятида салбий ахборотга оғиш кучли бўлади. Бугунги глобал дунёда бунга етарлича мисолларни кўриб турибмиз. Айни жиҳатни Президентимиз теран англаб, чуқур таҳлил этиб, маданият ходимларига мана шундай алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятини яратиб берди. Маданият ходимлари, умуман зиёлилар минтақада тинчлик ва ўзаро тушунишни янада ривожлантиришга масъул деб ўйлайман. Айнан биз мана шунга олиб борадиган ижобий контентларни тайёрлаб халқларимизга тақдим этишимиз керак. Шу маънода биз санъат, адабиёт, кино, театр ва мусиқа соҳаларида қўшма тадбир ва фестиваллар ўтказиш борасида ягона фикр атрофида бирлашдик. Бундай тадбирлар ўзлигимизни яна бир бор эслатади. Навоийни, Жомийни, Фузулий ва Махтумқули, Абай ва Айтматовлар илгари сурган ва бугун Марказий Осиё руҳини уйғотишга сабаб бўлган умуминсоний ғояларни, дўстлик ва бағрикенгликни тараннум этади.
Қувонарли жиҳат шундаки, маданий меросни ўрганиш, тиклаш ва рақамлаштириш бўйича ҳам қўшма лойиҳаларни кенгайтирадиган бўлдик. Бундан ташқари, ёш ижодкорлар ўртасидаги алмашинув дастурларини ривожлантирамиз. Бунда семинар, конференция ва ёзги мактабларни ташкил этиш масалалари бўйича келишувга эришдик. Шунингдек, маданият ва санъат йўналишида кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш борасида ҳамкорликни кучайтириш масаласида фикр алмашдик. Муҳими, “Марказий Осиё маданий бренди”ни ишлаб чиқиш ҳақида ижобий фикрлар айтилди.
Мана шу жараён, давлат раҳбарлари доирасидаги учрашув ва келишувларни кузата туриб бугун Марказий Осиё том маънода ягона минтақа, бир бутун кучга айланганини ҳис этдим. Халқларимиз шу кунга етиб келгунча жуда кўп синовларни бошдан кечирди. Буни жадид боболаримиз тимсолида ҳам кўришимиз мумкин. Шукрки, оққан дарё оқаверади. Аждодларимиз доим дунё аҳлини маърифатга, дўстлик ва яхшиликка чорлаб келган. Бугун ҳам биз бир бутун минтақа бўлиб ана шу азалий анъанани давом эттиряпмиз. Қувонарлиси, давлатимиз раҳбари ана шу қадриятларимиздан нафақат мамлакатимиз, балки дунё ҳамжиҳатлиги йўлида оқилона фойдаланмоқда. Бу Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида Президентимиз илгари сурган ташаббусларда ҳам яққол кўзга ташланди.
Хусусан, халқ дипломатияси соҳасидаги қадрият ва анъаналаримизга таянган ҳолда, бой ҳаётий тажриба ва обрў-эътиборга эга жамоат арбобларидан иборат Оқсоқоллар кенгашини тузиш ташаббуси илгари сурилди. Шу билан бирга ҳамкорлик механизмлари ва шартномавий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш принципиал аҳамиятга эга экани таъкидланди. Айниқса, Маслаҳат учрашувини “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик форматига айлантириш борасидаги ташаббус барчамизнинг кўнглимиздаги гап бўлди.
Чунки, энди Марказий Осиё шунчаки минтақа эмас, ягона овоз, бирлашган куч сифатида дунё сиёсий харитасидаги ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Шу боис Президентимиз Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқида: “Ишончим комилки, бугун биз минтақамизнинг Янги Марказий Осиё сифатидаги тарихий уйғониш даври остонасида турибмиз”, дея таъкидлади.
Айнан шу жиҳат сабаб ривожланган мамлакатлар биз билан ҳамкорлик қилишга интиляпти. Бу минтақа мамлакатлари учун катта имкониятдир. Ундан оқилона фойдаланиш эса бирдамлигимиз, дўстлигимиз ва манфаатларимизни ҳамжиҳатликда ҳимоя қила олишимизга боғлиқ. Янги Ўзбекистонда ана шу каби муҳим жиҳатлар доим диққат эътиборда бўлгани учун ҳам халқчил сиёсат, дея эътироф этилмоқда. Эътирофларнинг нечоғлик самимий эканини биз билан ҳамкорлик қилиш истагидаги мамлакатлар кўлами тасдиқлаб турибди. Янги Ўзбекистонга ривожланган мамлакатларнинг кучли интилишида иккита муҳим сабаб бор. Аввало, янги Ўзбекистон тинчлик ва инсонпарварлик ғоясини илгари сурадиган давлат сифатида танилди.
Шу ўринда бир ҳаётий ҳақиқатни айтиш керак. Инсон қанчалик ёзув қиёфада кўринмасин, барибир у тинчликка, дўстликка талпиниб яшайди. Мамлакатлар ҳам худди шундай. Ўз манфаати учун турли зиддиятларга бориши мумкин. Аммо ич-ичидан тинчлик, фаровонлик бўлишни истайди. Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги позицияси ана шу тинчлик ва дўстлик кафолатларини тақдим этади.
Иккинчи ва муҳим жиҳат шуки, халқчил ташқи сиёсат сабаб Марказий Осиё бирдамликка эришди. Энди у ишчи кучи етказиб берадиган, табиий ресурслар майдон эмас. Балки, халқаро майдонда кенг иқтисодий қувватга эга, янги куч сифатида кўриляпти. Маслаҳат учрашуви доирасида мамлакат етакчилари Ислом цивилизацияси марказида бўлди. Президентимиз, ушбу марказ илмий билимлар ва ғоялар яратиш, тадқиқотлар олиб бориш, умумий маданий-тарихий меросимизни оммалаштириш учун ноёб платформа эканини таъкидлади. Демак, марказ ёшларнинг илмий ва маънавий юксалиши учун хизмат қиладиган масканга айланиши табиий.
Бундай комил ишонч билан айтишимизга асос бор, албатта. Маслаҳат учрашувида Президентимиз маънавий мерос ва маърифатпарварлик ғояларига бағишланган биринчи Халқаро конгрессни мунтазам ташкил этиш таклифини илгари сурди. Унга кўра, конгресс ҳар йили, Маслаҳат учрашувига раислик қиладиган мамлакатда ўтказилади.
Буларнинг барчаси, Марказий Осиё мамлакатлари фақат иқтисодий ёки хавфсизлик масаласи туфайлигина эмас, балки маърифатга ошно экани сабаб бирлашаётганини кўрсатади. Ҳар қандай моддий манфаат устига қурилган муносабатлар омонат бўлишини яхши биламиз. Минтақамизда эса ягона тарихга, умумий ўтмишга эга халқлар яшайди. Бу ҳар қандай моддий манфаатлардан устун турадиган бирдамликка сабабдир. Шу боис ҳам давлат раҳбарлари даражасидаги учрашувларда маданият, маърифат масаласи доим кун тартибидан ўрин олмоқда. Бу қалбимизда чексиз фахр, ифтихор уйғотади. Шу билан бирга мана шундай шарафли кунларга муносиб авлод бўлиш масъулиятини ҳам қўяди. Зеро, янги Ўзбекистоннинг маърифий сиёсати Марказий Осиёда янги уфқларни очаётган бир паллада унга муносиб бўлиш шу юртнинг ҳар бир фарзандининг ҳам фарзи, ҳам қарзидир!