Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари



2025 йил – юбилейлар йили

 

Йилдан йилнинг фарқи бор, дейдилар. Шу нуқтаи назардан, 2025 йил ёдда қоладиган муҳим воқеалар ва юбилей саналарига бой бўлди. Айниқса, жорий йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 80 йиллиги ҳамда ЕХҲК Хельсинки ҳужжатининг 50 йиллиги кенг нишонланаётгани алоҳида эътиборга моликдир. БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида халқаро ҳамжамият мазкур халқаро ташкилот фаолиятини ислоҳ қилиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади. Бу ислоҳотлар самарадорликни ошириш имкониятларини аниқлаш, вазифаларни бажариш тартибини қайта кўриб чиқиш ҳамда эҳтимолий таркибий ўзгаришлар ва дастурларни қайта тузиш масалаларини ўз ичига олади.

Айни чоғда, 2025 йилда жаҳон ҳамжамияти инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи мажбурий юридик шартнома – Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 60 йиллигини, шунингдек, замонавий ижтимоий ва сиёсий ҳаётнинг гендер мезонига асос солган Хотин-қизлар тўғрисидаги Пекин декларацияси ва Ҳаракат дастурининг 30 йиллигини нишонламоқда.

Инсон ҳуқуқлари – ҳозирги замон цивилизацияси тараққиётининг ўзига хос кўрсаткичидир. Афсуски, дунёда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий инқирозлар, иқлим ўзгаришлари, нарх-наво келишмовчиликлари, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамлаштириш борасидаги тенгсизликлар, ўзаро ишончнинг йўқолиши каби муаммолар инсон ҳуқуқлари масалаларига ва 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини амалга ошириш жараёнларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ҳозирги даврда Янги Ўзбекистон ортга қайтмас демократик ислоҳотлар йўлидан дадил бормоқда, прагматик ташқи сиёсат юритмоқда, жаҳон ҳамжамияти билан очиқ ва фаол мулоқот олиб бормоқда. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

XXI асрнинг конституциявий манзараси

 

Биз тез ўзгарувчан шароитларда шаклланадиган ва сезиларли хилма-хилликка эга бўлган конституциялар дунёсида яшаяпмиз. Бугунги кунда конституциялар миллий ўзликни шакллантиришга, ижтимоий келишмовчиликларни юмшатишга, инсон ҳаётини машиналар ва сунъий интеллект билан ўзаро муносабатларга мослаштиришга, шунингдек, табиий ва техноген инқирозларни бартараф этишга кўмаклашмоқда.

XXI асрнинг биринчи чораги бутун дунёда шиддатли конституциявий ислоҳотлар ва конституцияларни янгилаш даври бўлди. Статистик маълумотларни келтирамиз: XXI асрда дунё мамлакатларида 60 га яқин янги Конституция қабул қилинган; парламентлар Конституцияларга тузатишларни 750 мартадан ортиқ кўриб чиққан. Дунёда ўзгаришларга учрамаган конституциялар деярли қолмади. Қисқа айтганда, замонавий конституциялар глобаллашув ва миллий тараққиёт талабларига мос ҳамда мувофиқ бўлишга интилмоқда.

Бинобарин, тузатишлар киритиш имконияти барча ёзма конституцияларнинг муҳим хусусиятидир. Конституциявий ислоҳотларнинг ўзига хос жиҳатларидан бири – асосий қадриятларни, энг аввало, давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудий яхлитлиги, оила ва болалик каби қадриятларни мустаҳкамлаш орқали миллий конституциявий ўзликни (ўзига хосликни, қиёфани)  янада кучайтириш ҳисобланади.

Дунёдаги жадал конституциявий ўзгаришлар муқаррар равишда конституциявий ислоҳотларнинг асосларига мурожаат қилишни тақозо этади. Бу, ўз навбатида, конституционализмни назарий жиҳатдан тушунишни ёки бошқача айтганда, замонавий конституциявий ҳуқуқни идрок этишни талаб қилади.

Конституцияни тушуниш ҳақиқий амалиётни ҳам, шунингдек, конституциявий нормаларни қўллашни ҳам бирдек назарда тутади. Бошқача айтганда, айни жараён "Амалдаги Конституция" тушунчасини англатади. Бундан кўзланган асосий мақсад – конституциявий давлат қуришдир.

Конституциявий тартибга солишнинг муайян соҳалари билан боғлиқ глобал дунё чақириқларига жавоб берар эканмиз, муқаррар равишда ҳуқуқни, айниқса, конституциявий ҳуқуқни тушунишга тааллуқли бўлган ялпи масалага дуч келамиз.

Ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тузилмалари ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида содир бўлаётган ўзгаришларнинг моҳияти, қай тарзда бўлмасин, конституциявий қонунчиликнинг ривожланишида ўз аксини топади.

Конституциянинг ривожланиши, умуман олганда, доимо жамият ва давлат тараққиётининг асосий босқичларига мос келади.

Конституция давлат ва жамият ривожланишининг деярли барча жиҳатларини қамраб олиб, энг умумлашган норматив тартибга солишни белгилайди. Конституция бошқа қонунларга, шу жумладан кодексларга қараганда кўпроқ бутун жамиятга, ижтимоий қатламларга, инсон ва фуқарога қаратилган бўлади.

 

XXI аср конституциявий тараққиётининг тенденциялари

 

Жаҳондаги конституциявий ўзгаришларни ўрганиш шуни кўрсатадики, давлатнинг Асосий қонунини замон талабларига мослаштириш ва юзага келаётган муаммоларга жавоб бера олиш қобилияти унинг ўзига хос хусусияти ҳисобланади.

Дунёда замонавий конституциявий ривожланишнинг устувор тенденциялари қуйидагилардан иборат:

• конституциявий ислоҳотларнинг кенг қамровлиги. Бу ислоҳотлар сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва гуманитар соҳаларни, шунингдек, конституциявий ўзгаришлар ва модернизация жараёнларининг ўзаро боғлиқлиги ҳамда алоқадорлигини қамраб олади;

• конституциявий тартибга солиш кўламининг кенгайиши, яъни давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш ва бошқарув шаклини ўзгартириш;

• конституциявий маконни ривожлантириш, ҳуқуқий суверенитетни мустаҳкамлаш ва давлатнинг конституциявий ўзига хослигини (қиёфасини) белгилаш;

• инсон конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари рўйхатини кенгайтириш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг суд орқали ҳимоя қилиниши тартибини кучайтириш,

• конституциявий судлов ваколатларини кенгайтириш, фуқароларга Конституциявий судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш;

• конституциявий ҳуқуқ ижодкорлигининг глобаллашуви, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини дунё давлатларининг миллий конституцияларида мустаҳкамлаш;

• давлат ва жамиятнинг конституциявий ривожланишини экологиялаштириш, сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконияти принципини амалга ошириш;

• рақамли ҳуқуқларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ахборот жамиятини институтционаллаштириш, киберхавфсизликни ҳуқуқий тартибга солиш;

• конституциявий ривожланишни байналмилаллаштириш, халқаро ҳуқуқ нормалари таъсирини кучайтириш.

Замонавий дунёда Конституция давлатнинг сиёсий ва ижтимоий барқарорлигини таъминлаш, фуқаролик жамиятини барқарор ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Ҳозирги замон конституциялари фақатгина ҳокимият институтлари ўртасидаги муносабатларни яратиш ва тартибга солиш, процедура жараёнларини белгилаш билан чекланиб қолмайди. Улар инсонпарварлаштириш жараёнини бошдан кечирган, алоҳида шахслар ва гуруҳларнинг марказий ролини белгилаб, ҳуқуқлар ва асосий эркинликлар тўғрисидаги қонунлар мажмуини конституциянинг асосий унсурларидан бири сифатида ўз ичига олган. Конституциявий ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан жамиятнинг турли қатламларидан бўладиган қўллаб-қувватлашларга боғлиқ.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шуни таъкидлайдики, "конституцияни ишлаб чиқиш суверен миллий жараён ҳисобланади ва муваффақиятга эришиш учун бу жараён мамлакатларнинг ўзлари томонидан бошқарилиши ва амалга оширилиши лозим. Ягона қолипга солинган конституциявий модель ёки ҳаммага бирдек мос келадиган конституциявий ислоҳот амалиёти мавжуд эмас, шунингдек, бу борадаги миллий муаллифлик давлат тузилмалари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти ва кенг жамоатчилик иштирокини ўз ичига олиши шарт".

 

Янги Ўзбекистон Конституциясининг хусусиятлари

 

Айнан Ўзбекистонда ўтказилган сўнгги конституциявий ўзгаришлар мазмун-моҳиятини мухтасар таҳлил этадиган бўлсак, мазкур жараёнда халқнинг кенг иштироки – конституциявий ислоҳотларнинг биринчи ўзига хос хусусияти ҳисобланади. Кенг жамоатчилик иштироки ва мазмунли мунозаралар таъминланган очиқ ва эркин жамоатчилик муҳокамасидан кейингина Конституцияга тегишли ўзгартиришлар ишлаб чиқилди.

Иккинчи хусусияти – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органларнинг конституциявий-ҳуқуқий мақоми белгилангани. Париж принциплари, Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастури тавсияларига мувофиқ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ташкил этилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар яратилди. Конституциявий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон дунёда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг конституциявий мақомини мустаҳкамлаган тўртинчи (Мексика, Марокаш ва Мисрдан кейин) давлатга айланди.

Учинчи хусусияти – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилгани. Маълумки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурида ҳар бир давлатга инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаларини қабул қилиш тавсия этилган. Бугунги кунда дунёнинг 80 та мамлакатида инсон ҳуқуқлари соҳасида 150 дан ортиқ миллий режа (стратегия) қабул қилинган.

Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия амалга оширилмоқда. Ушбу Стратегияда конституциявий шикоят институтини жорий этиш, Конституциявий судда масалаларни кўтариш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасини кенгайтириш вазифалари ҳам қамраб олинган.

Ҳозирда 2030 йилгача мўлжалланган янги Стратегия ишлаб чиқилмоқда. Унда янги таҳрирдаги Конституция нормаларини ҳисобга олган ҳолда асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш устувор йўналиш бўлади.

Тўртинчи хусусияти – фуқароларнинг конституциявий маданиятини шакллантиришга алоҳида аҳамият қаратилган. Бу ўринда  БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон дастури доирасида таълим муассасаларида инсон ҳуқуқларини ўқитиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

 

Янги Ўзбекистон Конституциявий суди – 30 ёшда

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди", деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Чунки Конституциямизда давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар қатъий белгилаб берилгани бу фикрнинг яққол исботидир.

Эски таҳрирдаги матнда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллашга доир ушбу механизмлар мавжуд эмасди. Асосий қонунимизнинг "Конституция ва қонуннинг устунлиги" бобидаги 15-16-моддалар янги ва эски матнидаги нормаларни ўзаро қиёсланса, бу фикрларимиз қанчалик ҳаққоний эканлиги ўз тасдиғини топади. Янгиланган Конституциянинг 15-моддасига мувофиқ:

"Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади".

Мадридда 2025 йил октябрида бўлиб ўтган Конституциявий судлар жаҳон конференциясининг олтинчи конгрессида иштирокчилар суд қарорлари виждонан бажариладиган ва суд танқидининг конструктивлигини таъминлашга имкон берадиган конституционализм маданиятини шакллантиришга чақиргани бежиз эмас. Айнан шаффофлик, ҳисобдорлик ва институтлар ҳамда фуқаролик жамияти билан мулоқот суд ҳокимиятининг мустақиллигини заифлаштирмайди, балки мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 2025 йилда ўзининг ўттиз йиллигини нишонламоқда. Таъкидлаш жоизки, 1990 йилдаёқ, бундан 35 йил олдин Ўзбекистон Республикасида конституциявий назорат тўғрисидаги биринчи қонун қабул қилинган ва Конституциявий назорат қўмитаси ташкил этилган эди.

Ўз фаолияти давомида Конституциявий суд конституциявий одил судлов амалиётини шакллантирди. Шу билан бирга, ушбу амалиёт узлуксиз ривожланиб бормоқда. Бу эса ҳуқуқ тизими бир жойда тўхтаб қолмай, бошқа ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва институтлар билан биргаликда изчил тараққий этаётганидан далолат беради.

Конституциявий суднинг ўттиз йиллиги муносабати билан "Конституциявий суд тўғрисида"ги Конституциявий қонунга киритилган ўзгартиришларни ҳам таъкидлаш лозим, зеро айни янгиланишларнинг пойдевори 2023 йилги конституциявий ислоҳотлар асносида қўйилган эди. Энг муҳими, Конституциявий суд мақоми ва тартиб-таомиллари масалаларига тааллуқли ўзгартиришлар кўп йиллик миллий амалиёт ва ижобий халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Шундай қилиб, Конституциявий қонунга киритилган ўзгартиришлар натижасида тугатиш принципи шикоятни иш юритишга қабул қилишга ёндашувнинг асоси этиб белгиланди. Унга кўра, шикоятни иш юритишга қабул қилиш учун аризачи суд ҳимоясининг барча ички давлат воситаларини тугатиши лозим бўлади.

Бир қарашда мавҳум ва конституциявий одил судловга эришишни чеклаши мумкин бўлиб кўринадиган бундай қарор, аслида:

биринчидан, конституциявий назорат органи фаолиятининг сифатини оширишга;

иккинчидан, бутун суд тизимининг уйғун ишлашини таъминлашга;

учинчидан, судлар функцияларининг такрорланиш ҳолатларини чеклашга қаратилган.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, 2024 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Конституциявий судга "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги Конституциявий қонуннинг 86-моддасига шарҳ бериш масаласи киритилди. Конституциявий суднинг тушунтиришича, ишни судда кўриш тугаган кун деганда, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган сўнгги суд ҳужжати санасини тушуниш лозим.

Конституциявий суд ҳуқуқий мақомининг яна бир муҳим жиҳати – унинг ваколатлари доираси кенгайтирилганидир. Биринчи навбатда, суд Ўзбекистон Республикасида референдумга қўйилаётган масалаларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳуқуқ 2023 йилги конституциявий ислоҳотлар жараёнида муваффақиятли қўлланилди.

Конституциявий суднинг ўттиз йиллик фаолияти тажрибасидан келиб чиқиб, Конституцияда белгиланган ҳуқуқий нормалар нафақат чуқур юридик мазмунга эгалиги, балки доимий ривожланишда ҳам эканлигини эътироф этиш ҳам қарз, ҳам фарздир.

Конституциявий суд Конституцияни қўллаш ва талқин қилиш жараёнида унинг нафақат "ҳарфи", яъни шакли ва матни, балки "руҳи", демакки туб мазмун-моҳияти ҳам тараққиётнинг ҳар бир янги босқичига нечоғлик мутаносиблигини аниқлаб, унинг муайян қоидаларини жамиятдаги ўзгараётган муносабатларга мослаштириб боради.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятидаги ўттиз йиллик босқич – Янги Ўзбекистоннинг конституциявий одил судлови ривожланишига оралиқ якун ясаш учун муҳим нуқтадир. Бугунги кунда ҳам Конституцияда белгиланган фундаментал ҳуқуқий тамойилларга содиқлигини баралла намоён этар экан, Конституциявий суд мамлакат тараққиётининг ҳуқуқий пойдеворини яратиш ва мустаҳкамлаш ишига муносиб ҳиссасини қўшмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Конституция – доимо ҳаракатдаги муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат. Яъни, у ҳаёт жўшқинлиги ва ўзгаришларини ўзида яққол акс этиради. Ҳозирги кунда конституциявий ватанпарварликни шакллантириш – устувор вазифа.

Конституциявий ватанпарварлик тушунчасининг туб мазмун-моҳияти шуки, бунда фуқаролар ўз Ватани ва халқини, унинг тарихи, маданияти, азалий қадриятлари ва ҳуқуқий анъаналарини фақат севиш ҳамда ҳурмат қилиш билангина чекланиб қолмайди. Балки улар зиммасидаги конституциявий мажбуриятларни ҳалоллик ва улкан масъулият билан адо этиш орқали Конституцияда қайд этилган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга интилади.

Акмал Саидов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати,

академик



  ...