
Ўзбекистон–Туркия муносабатларида халқ дипломатияси: ишонч ва ҳамкорлик омили
Бугунги халқаро муносабатлар тизимида давлатлар ўртасидаги барқарор ва узоқ муддатли ҳамкорлик, аввало, олий даражадаги сиёсий ирода ва ишончга таянади. Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги муносабатлар айнан давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган очиқ, самимий ва ишончли мулоқот асосида изчил ривожланиб келмоқда. Бу сиёсий ишонч халқ дипломатияси, жумладан, шаҳарлар ўртасидаги биродарлик алоқаларини чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар, мунтазам сиёсий мулоқот ва стратегик келишувлар икки давлат муносабатларини кенг қамровли стратегик шериклик босқичига кўтарди. Давлат раҳбарларининг ўзаро ишончи ва сиёсий қўллаб-қувватлаши натижасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида аниқ ва амалий натижаларга эришилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, халқ дипломатияси Ўзбекистон–Туркия муносабатларининг муҳим таркибий қисми сифатида намоён бўлмоқда. У расмий давлатлараро келишувларни жамият даражасида мустаҳкамлаб, халқлар ўртасида ишонч ва ўзаро англашувни чуқурлаштиради. Айниқса, тарихий илдизлари, умумий тил ва маънавий қадриятлари муштарак бўлган икки қардош халқ ўртасида халқ дипломатияси табиий ва узвий жараён ҳисобланади.
Бу борада Ўзбекистон–Туркия Дўстлик жамияти халқ дипломатиясини ривожлантиришда муҳим институционал платформа сифатида фаолият юритиб келмоқда. Жамият томонидан ўтказилаётган маданий тадбирлар, илмий-маърифий анжуманлар, ёшлар ва хотин-қизлар ташаббуслари икки халқ ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстликни янада мустаҳкамламоқда. Ушбу фаолият давлат раҳбарлари даражасида белгиланган устувор йўналишларни жамоатчилик даражасида қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, шаҳарлар ўртасидаги биродарлик муносабатлари халқ дипломатиясининг энг самарали ва амалий шаклларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ва Туркия шаҳарлари ўртасида ўрнатилган биродарлик алоқалари маҳаллий даражада сиёсий ишончни мустаҳкамлаб, иқтисодий ва маданий ҳамкорлик учун қулай муҳит яратмоқда. Бу жараёнда Биродар шаҳарлар альянси ҳамда Туркий дунё Муниципалитетлари Иттифоқи шаҳарлар ўртасидаги алоқаларни мувофиқлаштирувчи ва тизимли равишда ривожлантирувчи муҳим халқаро тузилмалар сифатида иштирок этмоқда.
Ўзбекистон–Туркия муносабатларида тарихий аҳамиятга эга бўлган биродар шаҳарлар ҳамкорлигига Бухоро – Измир, Бухоро – Малатья, Самарқанд – Сакарья, Тошкент – Анқара, Хива – Болу шаҳарлари ўртасидаги алоқаларни киритиш мумкин. Ушбу ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган маданий-гуманитар лойиҳалар, таълим ва туризм соҳасидаги дастурлар ҳамда инвестициявий ташаббуслар икки давлат раҳбарлари белгилаб берган стратегик мақсадларни маҳаллий даражада рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорлик нафақат маданий ёки иқтисодий аҳамиятга, балки муҳим сиёсий мазмунга ҳам эга. Чунки маҳаллий даражада ўрнатилган ишонч ва ҳамкорлик давлатлараро муносабатларнинг барқарорлиги ва узлуксизлигини таъминлайди. Бу эса Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг беқиёс ўрни борлигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон–Туркия муносабатларида халқ дипломатияси давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли сиёсий мулоқотга таянадиган, уни тўлдирувчи ва мустаҳкамловчи муҳим омил ҳисобланади. Давлат раҳбарлари белгилаб берган устувор йўналишлар доирасида Биродар шаҳарлар альянси ва Туркий дунё Муниципалитетлари Иттифоқи ҳамкорлигида шаҳарлар даражасида амалга оширилаётган ишлар икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик, ишонч ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зокир Абидов,
Биродар шахарлар Альянси раиси