
Боку – WUF-13: барча муносиб уй-жой, хавфсиз ва барқарор шаҳарларда яшашга ҳақли
18 май куни Ўзбекистон Президенти Озарбайжон пойтахти – Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессияси (WUF-13)да иштирок этади.
БМТнинг аҳоли пунктлари бўйича дастури (БМТ-Хабитат) ҳамда Озарбайжон давлат шаҳарсозлик ва архитектура қўмитаси ҳамкорлигида ўтказиладиган ушбу форум “Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда жамоалар” мавзусида ташкил этилади.
Нуфузли форум учун танланган ушбу мавзу БМТ-Хабитатнинг 2026–2029 йилларга мўлжалланган Стратегик режаси устувор йўналишлари асосида танланиб, глобал уй-жой инқирозини ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда бутун дунёда уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасига катта эътибор берилмоқда. Бу борада БМТ томонидан “Шаҳар-қишлоқ бир тизим” концепцияси ишлаб чиқилган. Унга кўра, шаҳар алоҳида маъмурий ҳудуд эмас, балки атрофдаги ҳудудлар билан ягона транспорт, иқтисодий, озиқ-овқат ва экологик тизимни ташкил этади.
Ўзбекистонда ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклиф ва ташаббуслари билан уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида сўнгги 8 йилда мамлакатимизда 120 миллион квадрат метр ёки 600 мингдан зиёд хонадонлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уй-жой сотиб олишга кўмаклашиш учун 541 минг нафар фуқарога 103 триллион сўм арзон ипотека кредитлари ва субсидиялар ажратилди. Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида урбанизация даражаси 1991 йилдаги 40,3 фоиздан 51 фоизга етди.
Урбанизация соҳасида ишларни самарали ва тизимли амалга ошириш мақсадида Президент фармони билан, Ўзбекистон Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ташкил этилди. Ушбу давлат идорасига урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, ушбу йўналишдаги дастурларни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўйича кўплаб вазифалар юклатилди.
Мазкур соҳадаги рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, сўнгги тўққиз йилда Ўзбекистонда қарийб 10 мингта янги қурилиш корхонаси иш бошлади. Айланмаси 1 триллион сўмдан ошган 20 та, 100 миллиард сўмдан юқори кўрсаткичга чиққан 365 та йирик компания шаклланди. Лойиҳа ташкилотлари сони 2 мингдан ошиб, уларнинг 650 дан зиёди халқаро сертификат олди.
Шу даврда қурилиш соҳасида рухсат бериш босқичлари 3 карра, муддатлар 4 карра қисқартирилди. 420 та шаҳарсозлик норма ва қоидалари бирлаштирилиб, эскилари бекор қилинди ва 140 та янги норма ва қоида тасдиқланди.
Натижада, ўтган йиллар мобайнида 210 миллион квадрат метр бино-иншоот, 647 минг хонадонли 15 мингдан ортиқ кўп қаватли уй-жой барпо этилди. Қурилиш ишларининг ҳажми 2016 йилдаги 30 триллион сўмдан ўтган йили 314 триллион сўмга етди.
Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси 38 миллиондан ошиб, урбанизация даражаси 51 фоизга етган, қарийб 20 миллион нафар аҳоли шаҳарларда яшамоқда.
Ушбу кўрсаткичлар Ўзбекистонда урбанизация жараёнлари жадал суръатларда ривожланиб бораётганини ва шаҳарсозлик соҳасидаги ислоҳотлар халқаро тенденциялар билан уйғунлашиб бораётганини кўрсатади. Бундай шароитда шаҳар инфратузилмасини барқарор ривожлантириш, аҳоли пунктларини замонавий талаблар асосида шакллантириш ҳамда экологик ва ижтимоий мувозанатни таъминлаш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу жиҳатдан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган урбанизация сиёсатини жаҳон тажрибаси билан уйғунлаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
Штаб-квартираси Найроби шаҳрида жойлашган БМТ-Хабитат аҳоли пунктлари бўйича махсус дастур ҳисобланади. Ушбу дастур барқарор шаҳар ривожланишини қўллаб-қувватлаш, урбанизация соҳасидаги глобал кун тартибини шакллантириш ва ва мазкур йўналишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминлашга қаратилган.
2001 йилда таъсис этилган Бутунжаҳон урбанизация форуми (WUF) БМТнинг шаҳар ривожланиши масалалари бўйича энг йирик глобал конференцияси ҳисобланади. Форум БМТ-Хабитат томонидан урбанизация ва унинг жамият, иқтисодиёт ҳамда иқлим ўзгаришига таъсирини муҳокама қилиш мақсадида ўтказилади.
БМТ Бош Ассамблеясининг 71/256-сонли резолюциясига мувофиқ, Бутунжаҳон урбанизация форуми “Янги шаҳарлар ривожланиш дастури” амалга оширилишини баҳолаш бўйича асосий платформалардан бири сифатида белгиланган.
Бугунги кунда форум уй-жой масалалари ва барқарор шаҳар ривожланиши соҳасида турли манфаатдор томонларни бирлаштирувчи етакчи халқаро майдон сифатида қаралади. Унда миллий, минтақавий ва маҳаллий ҳокимият органлари, фуқаролик жамияти, хусусий сектор, халқаро ташкилотлар, академик доиралар ва бошқа иштирокчилар қатнашади.
Форумнинг асосий ҳужжати “Боку ҳаракатларга чақируви” бўлади. Унда глобал уй-жой инқирози билан боғлиқ асосий муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирлар акс этади. Ушбу ҳужжат маҳаллий, миллий ва глобал даражада сиёсат ишлаб чиқиш ҳамда амалий механизмларни жорий этиш учун муҳим йўриқнома вазифасини бажариши кутилмоқда.
Бокудаги форум давомида ижтимоий уй-жой қурилиши, норасмий аҳоли пунктларини модернизация қилиш, транспорт, сув таъминоти, санитария ва чиқиндиларни бошқариш каби шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек аҳоли турмуш сифатини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
БМТ урбанизациянинг иқлим ва рақамлаштириш билан боғлиқ жиҳатларига ҳам катта аҳамият бермоқда. Шаҳарлар иқлим инқирозининг асосий майдони сифатида қаралмоқда ва 2030 йилгача иқлимга чидамли инфратузилма яратиш учун ҳар йили 4,5–5,4 триллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция талаб қилиниши таъкидланмоқда.
Бугунги кунда “ақлли шаҳар” концепцияси ҳам инсон манфаатларига йўналтирилган янги ёндашувга ўтмоқда. Энди рақамли технологиялар ва сунъий интеллект фақат технологик тараққиёт рамзи сифатида эмас, балки тенгсизликни камайтириш ва хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш воситаси сифатида кўрилмоқда.
Шу билан бирга, шаҳарлар гуманитар инқирозлар, аҳолининг мажбурий кўчиши, уй-жойлар вайрон бўлиши ва инфратузилмага юкламалар ортиши шароитида асосий тикланиш майдонига айланмоқда.
Бироқ БМТ сиёсатидаги асосий муаммолардан бири – халқаро меъёрий ҳужжатлар билан давлатлар ва маҳаллий ҳокимият органларининг амалий имкониятлари ўртасидаги тафовутдир. Молиявий ресурслар, сифатли маълумотлар ва самарали бошқарув механизмлари етарли бўлмаса, энг яхши стратегиялар ҳам фақат декларация бўлиб қолиши мумкин.
Шу сабабли, бугунги кунда урбанизация сиёсатида асосий эътибор умумий тамойиллардан амалий механизмлар – молиялаштириш, бошқарув ва масъулият масалаларига қаратилаётгани кузатилмоқда.